Валюта курси, савдо ва молиявий каналлар ҳозирги геосиёсий вазиятнинг Ўзбекистон иқтисодиётига кўрсатаётган асосий таъсирларидандир. Бу ҳақда Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов маълум қилди.
Раис асосий таъсир каналлари сифатида валюта курси, савдо ва молиявий каналларни ажратиб кўрсатди.
«Мен валюта курси, савдо ва молиявий каналларни асосий таъсир каналлари сифатида ажратиб кўрсатган бўлардим. Асосий савдо ҳамкорларимиз миллий валюталарининг қадрсизланиши сўмга қисқа муддатли девальвацион босимни юзага келтирмоқда. Жумладан, пул ўтказмалари ҳажми АҚШ доллари эквивалентида камаймоқда, аҳоли ва тадбиркорларда девальвацион кутилмалар ошди», — дейди у.
Нурмуратовнинг таъкидлашича, бундай босим муқаррар, лекин ўрта муддатли истиқболда, инқирознинг энг юқори таъсирли босқичи ўтганидан сўнг, савдо ҳамкорларнинг валюта курслари ўзининг мувозанатли қийматларига етади ва шунга мос равишда сўмнинг алмашув курсига босим ўтказишни тўхтатади.
«Савдо канали деганда Ўзбекистон импорт қиладиган нефть, металлар, дон маҳсулотлари, ўсимлик ёғи каби қатор хомашё ва озиқ-овқат маҳсулотларининг жаҳон бозорларида нархи ошишини назарда тутяпман. Бундан ташқари, анъанавий юк ташиш йўналишлари мураккаблашмоқда, бу эса яна импорт қилинадиган товарлар нархининг ошишига олиб келиши мумкин», — дейди раис.
Унинг тушунтиришича, молиявий канал — бу инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун жалб этилиши режалаштирилган кредит линиялари кўринишидаги молиявий ресурслардир.
«Бўлиб ўтаётган воқеалар биз жойлашган ҳудудимизнинг (минтақамизнинг) инвестициявий жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳам йирик инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун янги манбаларни излашга мажбур бўламиз ва бу албатта белгилаб олган таркибий ислоҳотларимизни тезроқ ва самарали амалга оширишни талаб этади. Эҳтимол, баъзи инвестиция лойиҳаларини кейинга қолдиришга тўғри келиши мумкин», — дейди у.
Аввалроқ Марказий банк макроиқтисодий ноаниқлик ва хатарларни ошираётган омилларни маълум қилганди.


