Президент Шавкат Мирзиёевнинг «2022–2026 йилларда ‘Обод қишлоқ’ ва ‘Обод маҳалла’ дастурларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Huquqiy axborot канали хабар берди.
Маълум қилинишича, қарор билан 2022–2026 йилларда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида қурилиш, таъмирлаш ҳамда ободонлаштириш ишлари амалга ошириладиган қишлоқ ва маҳаллалар сони бўйича мақсадли параметрлар тасдиқланган.
Шунга кўра, белгиланган йилларда республикадаги жами 2043 қишлоқ ва маҳаллаларда (жумладан, 2022 йилда 413 тасида) қурилиш, таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилади.
Дастурлар доирасида белгиланган йилларда жами 4057 та ижтимоий соҳа объектларини, жумладан, 2022 йилда 143 та боғча, 265 та мактаб, 137 та соғлиқни сақлаш муассасасини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш режалаштирилган.
Шунингдек:
- 27 минг 722,5 километр ички йўллар (2022 йилда — 5113,2 километр), 18 минг 574,8 километр ичимлик сув тизимлари (2022 йилда — 3881,7 километр тармоқ, 432 та иншоот) яхшиланади;
- жами 5962 нафар фуқаронинг ўзини ўзи бошқариш органлари комплекслари, бозорлар (жумладан, 2022 йилда 253 та маҳалла биноси ва гузар, 894 та бозор) қурилади ҳамда таъмирланади;
- 5284,2 километр оптик толали алоқа тармоқлари (2022 йилда — 1327,1 километр) қурилади;
- 78 та янги автобус йўналишлари (2022 йилда 16 та) ташкил этилади.
Ички йўлларни таъмирлаш учун 2 триллион сўм, ичимлик сув таъминотини яхшилаш учун 1 триллион сўм, ижтимоий соҳа ва бошқа объектларни қуриш (таъмирлаш) ва ободонлаштиришга 1,4 триллион сўм маблағ ажратилади.
Қарорга кўра, 2023 йилдан қишлоқ ва маҳаллалардаги мавжуд ишлаб чиқариш ҳамда ижтимоий инфратузилма объектларининг ҳақиқий ҳолати тасдиқланган мезонлар асосида баҳоланиб борилади.
Баҳолаш натижаларига кўра энг паст кўрсаткич қайд этган ва ўтган давр мобайнида Дастурларга киритилмаган қишлоқ ва маҳаллалар Дастурларга биринчи навбатда киритилади.
Аввалроқ Самарқандда 2022 йил учта янги ГЭС қурилиши хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда 2021 йил «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларига қанча маблағ сарфлангани ҳақида хабар берилди.


