Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Миллиардерлар

Финляндия ва Гибралтарда Россиянинг 22 яхтаси ҳибсга олинди

Яхталарнинг санкцияга учраган шахсларга алоқадорлиги тасдиқланса, улар «музлатиб қўйилиши» мумкин.

Фото: Twitter / @shesheru

Финляндия ва Гибралтарда санкцияларга учраган россиялик тадбиркорларга тегишли 22 та яхта ҳибсга олинди. Бу ҳақдаги Финляндия божхона маълумотларини Helsingin Sanomat келтирди.

Маълум қилинишича, Финляндия божхонаси санкцияларга учраган россияликларга тегишли бўлиши мумкин бўлган 21 та яхтани ҳибсга олган. Агар расмийлар яхталар санкцияларга учраган шахсларга тегишли эканига ишонч ҳосил қилса, мулкни музлатиш масаласи кўтарилади.

Бундан ташқари, Европа Иттифоқи ва Буюк Британия томонидан санкцияга учраган россиялик миллиардер Дмитрий Пумпянскийнинг Axioma Family супер яхтаси 21 март куни Гибралтар расмийлари томонидан ҳибсга олинди. Маълумотларга кўра, яхта 27 февраль куни Кариб денгизидаги Антигуа оролидан чиқиб, Атлантика океанини кесиб ўтган ва 21 март куни Гибралтарга етиб келган.

Россиялик бизнесменларнинг яхталари ва бошқа мулклари Европа Иттифоқи, Буюк Британия, АҚШ ҳамда бошқа давлатлар томонидан санкциялар киритилгач, Европада ҳибсга олинмоқда. Bloomberg маълумотларига кўра, биргина Италияда россияликларнинг 780 миллион еврога яқин активлари музлатилган.

Аввалроқ Италияда россиялик миллиардер Мельниченконинг яхтаси ҳибсга олингани хабар қилинганди. Шунингдек, Италияда Россиянинг энг бой миллиардерига тегишли яхта қўлга олингани ҳақида хабар берилди.