Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Миллиардерлар

Tesla’нинг Берлиндаги электромобиль заводи очилди

Заводининг очилиш маросимида харидорлар 30 та Model Y электрокарни қабул қилиб олди.

Фото: «callputstrike.com»

Электр автомобиль ишлаб чиқарувчи Tesla компанияси Берлин яқинида Европадаги биринчи заводини очди. Бу ҳақда The Verge хабар берди.

Маълум қилинишича, завод Tesla’нинг жами тўртинчи гигафабрикасидир. Илк бор Илон Маск Германияда завод қуриш режасини 2,5 йил аввал эълон қилган эди. Янги завод Giga Berlin-Brandenburg деб аталади.

Германиядаги Tesla заводининг очилиш маросимида харидорлар корхонада ишлаб чиқарилган илк серияли автомобиллар — 30 та Model Y электрокарни қабул қилиб олди. Март ойида Tesla заводда тижорий ишлаб чиқаришни бошлаш учун олдиндан рухсат олди, бу эса заводда йилига 500 мингтагача автомобиль ишлаб чиқариш имконини беради.

Компания дастлаб Германияда ишлаб чиқаришни 2021 йилнинг ёзида бошлашни режалаштирган эди, бироқ пандемия, етказиб бериш занжиридаги узилишлар ва атроф-муҳит муаммолари завод очилишини кечиктирди. Automobilwoche маълумотларига кўра, Tesla 2022 йилнинг биринчи ярмида янги гигафабрикада максимал 30 мингта электромобиль ишлаб чиқаришга умид қилмоқда.

Аввалроқ Илон Маск Tesla’нинг 5,7 миллиард долларлик акцияларини хайрия қилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Илон Маскнинг укаси Кимбал Маск компания 1,5 миллиард долларлик криптовалюта сотиб олишини эълон қилганида биткоин қазиб олишнинг атроф-муҳитга таъсиридан бехабар бўлганини айтгани хабар қилинди.