Илон Маск Tesla’нинг 5,7 млрд долларлик акцияларини хайрия қилди
Қайси хайрия ташкилоти акцияларни олгани аниқланмаган.

Tesla асосчиси ва бош директори Илон Маск компаниянинг 5,7 миллиард долларлик акцияларини хайрияга ажратди. Бу ҳақда миллиардернинг АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссиясига (SEC) тақдим этган ҳужжатларда маълум қилинди.
Қайд этилишича, Илон Маск 2021 йилнинг 19 ноябридан 29 ноябрига қадар 5,044 миллион дона Tesla акциясини ҳадя қилган, уларнинг ўша пайтдаги қиймати 5,7 миллиард долларга етган. Бу хайрия мақсадлари учун берилган «ҳалол совға», дейилади SEC ҳужжатида. Қайси хайрия ташкилоти акцияларни олгани аниқланмаган.
Аммо акцияларни хайрия қилишдан бироз олдин, 2021 йил 31 октябрь куни Маск агар БМТ расмийлари унга бу пуллар дунё очлик муаммосини қандай ҳал қилишини тушунтириб берса, Жаҳон озиқ-овқат дастурига (WFP) 6 миллиард доллар беришга ваъда берган эди.
«Агар Жаҳон озиқ-овқат дастури ушбу Twitter саҳифасида 6 миллиард доллар дунё очлигини қандай ҳал қилишини аниқ тасвирлаб бера олса, мен ҳозир Tesla акцияларини сотаман ва буни амалга ошираман», — деб ёзган миллиардер Жаҳон озиқ-овқат дастури директори Девид Бислининг миллиардерларни 6,6 миллиард доллар миқдорида зудлик билан ёрдам бериш чақириғига жавобан Twitter’да.
Таъкидланишича, 16 ноябрь куни WFP Маскнинг илтимосини бажарган.
«Илон Маск, сиз аниқ режа ва [бухгалтерия ҳисоби] китобларини очишни сўрагансиз. Мана улар! Биз сиз билан ва ҳаётни сақлаб қолишга жиддий ёндашган ҳар бир киши билан музокаралар олиб боришга тайёрмиз. 2022 йилда очликнинг олдини олиш учун 6,6 миллиард доллар керак бўлади», — деб ёзган Бисли Twitter’да.
Шунингдек, Маскнинг Musk Foundation жамғармаси ҳам бор, у сўнгги йилларда ўз фаолиятини фаоллаштирган. Жумладан, Жанубий Техасдаги SpaceX космодроми яқинида жойлашган шаҳарга хайрия ваъда қилган, атмосферадан углеродни олиб ташлаш мавзусида 100 миллион долларлик танлов ўтказган ва CОВИД-19 тадқиқоти учун грантлар ажратган.
Бундан ташқари, 2021 йилда хайрия учун катта миқдорда хайрия қилиш Маскга солиқ тўловларини камайтиришга ёрдам бериши мумкин. Маълумотларга кўра, 2021 йил декабрида Маск АҚШ солиқ маъмуриятидан 10 миллиард доллардан ортиқ қарздор бўлиши мумкин, чунки у 2021 йилда кўплаб акция опционларини амалга оширган.
Аввалроқ Tesla акциялари 9 фоизга тушиб кетгани ва Илон Маск қарийб 20 миллиард доллар йўқотгани хабар қилинганди. Шунингдек, Мелинда Гейтс бойлигини собиқ эри билан асос солинган фондга бермаслигини айтгани ҳақида хабар берилди.






