Ўзбекистонда 2021 йил муаммоли кредитларнинг жами кредитлардаги улуши сезиларли ўсди ва 2022 йил 1 январь ҳолатига кўра 5,2 фоизни ташкил қилди. Бу ҳақда Марказий банкнинг «Қарз юки таҳлили ва хатарлар» шарҳида сўз боради.
Таъкидланишича, 2020 йил март ойидан бошлаб қатъий карантин чоралари жорий қилиниши натижасида иқтисодиётнинг реал секторидаги фаолликнинг пасайиши банк активлари сифатига салбий таъсир кўрсатди.

Шунингдек, банклар томонидан тўлиқ акс эттирилмаган муаммоли кредитларнинг молиявий ҳисоботларда тўғри юритилиши устидан Марказий банк назоратининг кучайтирилиши ҳам муаммоли кредитлар улушининг ўсиш тенденциясига ўз таъсирини кўрсатмоқда.

Қайд этилишича, 2021 йилнинг III чораги якунлари бўйича муаммоли кредитлар улушининг паст даромадли ривожланаётган мамлакатлар бўйича ўртача 9 фоизни, МДҲ ҳамда Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари бўйича ўртача эса 6 фоизни ташкил этди.
Тармоқлар кесимида саноат соҳаси ва бошқа хизматлар соҳаларида муаммоли кредитлар юқори улушни эгаллаган. 2021 йилнинг охирги чорагида жами муаммоли кредитларнинг улуши бошқа хизматлар ҳамда савдо ва умумий овқатланиш соҳасидаги пасайиш ҳисобига 5,8 фоиздан 5,2 фоизга қисқарди.


