Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Президент Шавкат Мирзиёев Европа тикланиш ва тараққиёт банки раҳбари Одиль Рено-Бассони қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, учрашувда Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар дастурини илгари суришда Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг фаол иштирокини давом эттиришга доир амалий жиҳатлар муҳокама қилинган.

Шунингдек, кейинги йилларда Ўзбекистон ва ЕТТБ ҳамкорлигида мисли кўрилмаган юксак даражага эришилгани қайд этилди. Таъкидланишича, банкнинг республикадаги лойиҳалари портфели 3 миллиард еврога етди, унда хусусий секторга инвестициялар улуши 50 фоизгача ошди.
Ушбу етакчи молиявий институтнинг сармоялари ҳажми бўйича Ўзбекистон кетма-кет иккинчи йил минтақада пешқадам бўлиб турибди. Шунингдек, ЕТТБнинг Андижон ва Урганч шаҳарларидаги филиаллари фаолият юритмоқда.

Одиль Рено-Бассо Шавкат Мирзиёевни Тошкент халқаро инвестиция форумининг муваффақиятли ўтказилгани билан самимий қутлаб, банк Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси мақсадларига эришиш йўлида тўлиқ қўллаб-қувватлашга тайёрлигини тасдиқлади.
Учрашувда шериклик муносабатларини кенгайтириш бўйича «йўл харитаси»ни тайёрлашга келишиб олинди.
Давлат корхоналари ва бакнларини трансформация қилиш ва хусусийлаштириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш, «яшил» тараққиёт, энергетика ва транспорт соҳаларидаги лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, давлат-хусусий шерикликнинг самарали механизмларини, энг аввало, инфратузилмавий лойиҳаларни илгари суришга жорий қилиш, шунингдек, хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигига оид дастурларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, келгуси йилда Ўзбекистонда ЕТТБ Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилишини ўтказишга тайёргарликнинг бориши кўриб чиқилди.
Аввалроқ Ўзбекистон ва ЕТТБ ўтказган илк своп операциясида 20 миллион доллар давлат қарзи миллий валютага ўгирилгани хабар қилинганди. Шунингдек, Президент Тошкент халқаро инвестиция форумига тайёргарлик юзасидан йиғилиш ўтказгани ҳақида хабар берилди.


