Ўзбекистонда 2022 йилнинг февраль ойида истеъмолчилар томонидан тўпланган кешбэкнинг 12,1 миллиард сўми тўлаб берилди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 2022 йилнинг 1 январидан харид чекларини Soliq мобил иловаси орқали рўйхатдан ўтказган жисмоний шахслар харид суммасидан 1 фоиз кешбэкка эга бўлмоқда.
Таъкидланишича, февраль ойида истеъмолчилар томонидан 27,9 миллиард сўм кешбэк йиғилди ва шундан 24 март ҳолатига 12,1 миллиард сўм тўлаб берилди. Шунингдек, сотувчилар томонидан 6826 та харид чеки бекор қилинганлиги сабабли 468,9 миллион сўмлик кешбэк тўланмайди.
Қайд этилишича, қолган 4,5 миллиард сўмлик кешбэк 15 минг 474 та тадбиркорлик субъекти томонидан солиқ ҳисоботлари топширилганидан сўнг тўланади. Шунингдек, 0,7 миллиард сўмлик кешбэкнинг тўлови 3460 та тадбиркорлик субъекти томонидан солиқ қарзи тўланганидан сўнг амалга оширилади.
Шу билан бирга, 10 миллиард сўмлик кешбэк шубҳали бўлгани сабабли ўрганиш натижасидан келиб чиққан ҳолда тўлаб берилади.
Аввалроқ ДСҚ 15 мингдан ортиқ чек учун ҳисобланган кешбэк суммасини бекор қилгани ҳақида хабар берилганди.


