Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Молия

«Қишлоқ қурилиш банк» кредит қўйилмалари асосан қайси соҳаларга ажратилган?

«Қишлоқ қурилиш банк» 2021 йилдаги фаолияти бўйича ҳисобот берди.

Фото: АОКА

«Қишлоқ қурилиш банк»нинг 2021 йилдаги фаолияти ҳисоботига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Унда банк Бошқаруви раҳбарияти, таркибий тузилмалар масъул ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари  иштирок этди. Бу ҳақда Kommers.uz мухбири хабар бермоқда.

Анжуманда банк тузилмалари раҳбарлари 2021 йилда  амалга оширилган  ишлар ва ўзгаришлар  бўйича маъруза қилди. Хусусан, банк томонидан бизнесни ривожлантириш учун ажратилган кредитлар, ҳудудий дастурлар ва банкнинг инвестицион фаолияти тўғрисида  маълумот берилди. 

Қайд этилишича, сўнгги 5 йил давомида АТБ «Қишлоқ қурилиш банк» томонидан ажратилган кредитлар қолдиғи 3,1 баробарга ошиб, кредит қўйилмаларининг таркиби ҳам ўзгарган. 

Ушбу даврда кредит портфели таркибида тадбиркорлик субъектларининг инвестиция лойиҳалари ва уларни айланма маблағлар билан қўллаб-қувватлашга йўналтирилган кредит қўйилмалари 18 фоиздан 47 фоизга етган ёки 8,3 баробарга ошган. 

Фото: АОКА

Банкнинг кредит қўйилмалари 2021 йил бошига нисбатан 3 триилион 714,4 миллиард сўмга ёки 27,1 фоизга кўпайиб, 2022 йил 1 январь ҳолатига 17 419,4 миллиард сўмни ташкил этган.

Банк кредит қўйилмаларининг 6 триллион 228,8 миллиард сўми ёки 35,6 фоизи намунавий лойиҳалар бўйича уй-жойлар қурилишига, 1 триллион 327,8 миллиард сўм ёки 7,6 фоизи саноатга, 1 триллион 611,4 миллиард сўм ёки 9,2 фоизи савдо ва умумий овқатланиш соҳасига, 764,5 миллиард сўм ёки 4,4 фоизи қишлоқ хўжалигига, 284,4 миллиард сўм ёки 1,6 фоизи транспорт ва алоқа соҳасига, 827,0 миллиард сўм ёки 4,7 фоизи қурилишга ҳамда 6 триллион 360,9 миллиард сўм ёки 36,4 фоизи бошқа соҳаларга ажратилган.

Ўз навбатида, кредит қўйилмаларининг муддатлари бўйича ҳам банк томонидан амалга оширилаётган чора тадбирлар ўз самарасини бериб, қисқа муддатли кредит қўйилмалари 1 триллион 511,1 миллиард сўм ёки умумий қўйилманинг 9 фоизига етди.

Банк кредитлари кўплаб янги иш ўринлари яратилишига ҳам асос бўлмоқда. Жумладан, 2021 йил давомида кичик бизнес субъектларини молиявий қўллаб қувватлаш мақсадида ажратилган кредитлар ўтган йил шу даврига нисбатан 1 триллион 123,0 миллиард сўмга ортиб, 2022 йил 1 январь ҳолатига 3 триллион 916 миллиард сўмни ташкил этган, шундан 2 триллион 008 миллиард сўм айланма маблағлар билан қўллаб-қувватлашга йўналтирилган бўлса, 1 триллион 908 миллиард сўми инвестиция лойиҳаларига йўналтирилган.