Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Молия

«Солиқ» мобил иловасига янги функциялар қўшилди

Жисмоний шахс кабинетига кириш учун янги усуллар яратилди.

«Солиқ» мобил иловасининг янги версиясида бир қатор янгиланишлар эълон қилинди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Киритилган янгиликларга кўра, Жисмоний шахс кабинетига ID карта, ЭРИ калити, face ID тизимида ЖШШИР киритиш ва One ID тизими орқали кириш мумкин. Жисмоний шахслар кабинетида қуйидагилар акс этади:

  • мол-мулк ва ер солиғи бўйича қарздорлик ва ортиқча тўлов ҳолати ҳақида маълумот;
  • эгалигидаги кўчмас мулк кадастр рақами;
  • жисмоний шахсларга ҳисобланган ойлик иш ҳақи ва ҳисобланган даромад солиғи.

Қайд этилишича, «Кешбэк» ва «Солиқ ҳамкор» бўлимларининг функциялари ҳам такомиллашди. Жумладан, асосий картани танлаган ҳолда бир ёки бир нечта банк картасини бириктириш ёки олиб ташлаш имконияти яратилди.

Шунингдек, фискал белгини киритиш орқали чекни рўйхатдан ўтказиш имконияти яратилди. Сканерланган чеклар ойлар бўйича гуруҳларга ажратилади бунда ҳисобланган маблағ миқдори ва банк картасига ўтказиш учун тасдиқланган сумма кўрсатилади.

«Солиқ ҳамкор» тизимида қўшимча файлни юклаш имконияти — амалга оширилган харид ҳақидаги мурожаатни тасдиқлаш учун фотосурат функцияси қўшилди. «Солиқ ҳамкор»да мурожаатни рад этиш сабабини текшириш мумкин бўлди.

Таъкидланишича, истеъмолчи кешбэкка эга бўлиши учун харид чекини рўйхатдан ўтказганда уни аввал бошқа фойдаланувчи рўйхатдан ўтказган бўлса, ҳақиқатда харидни амалга оширган шахс томонидан ушбу фойдаланувчи устидан шикоят йўллаш имкояти яратилди.

Бунда битта фойдаланувчига нисбатан шикоятлар сони 15 та ва ундан кўп бўлса, ушбу фойдаланувчи шубҳали харидор деб ҳисобланади ҳамда жорий ой учун тўпланган кешбэклари бекор қилинади, чекни рўйхатдан ўтказиш имконияти чекланади.

Аввалроқ истеъмолчиларга февраль ойида қанча кешбэк тўлаб берилгани хабар қилинганди.