Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Миллиардерлар

Россиялик бизнесмен Евгений Чичваркиннинг Швейцария банкидаги ҳисоби музлатилди

Музлатилган ҳисоб тадбиркорнинг Россия паспорти билан очилган ягона ҳисоб рақамидир.

Фото: Reuters

Россияни анча олдин тарк этган тадбиркор Евгений Чичваркиннинг Швейцариядаги банк ҳисоби блокланди. Бошқа бадавлат муҳожирлар ҳам келиб чиқиши россиялик бўлганлиги сабабли қийинчиликларга дуч келмоқда. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Маълум қилинишича, Ғарб давлатлари томонидан санкцияга учрамаган бадавлат россияликлар ҳали ҳам муаммоларга дуч келмоқда: уларнинг ҳисоблари музлатилмоқда, банклар ҳамкорлик қилишдан бош тортмоқда, адвокатлик фирмалари эшикларини ёпмоқда.

«Евросеть» асосчиси, Россияда узоқ вақтдан бери яшамаётган Евгений Чичваркин Швейцария банки унинг ҳисобини музлатиб қўйганини маълум қилди. У бу қайси банк эканига аниқлик киритмади, лекин бу унинг Россия паспорти билан очилган ягона ҳисоб рақами эканини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, бошқа ҳисоблар блокланмаган.

Ёзувчи Борис Акунин (ҳақиқий фамилияси Чхартишвили) Barclays банки ўзининг «Ҳақиқий Россия» хайрия жамғармаси фойдасига ҳеч қандай муаммосиз унга пул ўтказмасини амалга оширганини, бироқ унинг хотинининг рус фамилияси билан худди шундай битимини блоклаганини айтди.

Блоклашдан кейин банк у билан шахсий суҳбатни талаб қилди.

«Менинг трансфер миқдорим ўн баравар кўп эди, аммо ҳеч қандай муаммо бўлмади. Бу вазият қандайлигини кўрсатади», — деди Акунин.

Barclays изоҳ бериш сўровига жавоб бермади.

Исмини ошкор этмаган бадавлат «банк ва нефть магнати» Россиянинг Украинадаги урушидан зарари кўрганини айтди. У Лондонда 30 йилдан буён яшаётган бўлса-да, Россияда ҳамон бизнеси бор ва энди у янги молиявий чекловлардан қўрқмоқда.

«Нақд пулга яшашга тўғри келади. Жуда оҳиста ҳаракатланиш керак», — дейди у.

Икки фуқароликка эга тўрт нафар россиялик Лондон, Цюрих ва Париждаги ҳисоблари музлатилганини маълум қилди. Икки нафар капитал менежери ва адвокатнинг айтишича, банклар россияликларнинг ҳисоб очиш ҳақидаги аризаларини рад этмоқда ва очиқчасига Россиядан келадиган пуллар борасида ўзларини суғурталаётганини айтмоқда.

«Кўчмас мулк ва бошқа турдаги мулк бўйича битимлар тўхтаб қолди», — дейди уч нафар брокер.

Amsterdam & Partners асосчиси Боб Амстердамнинг таъкидлашича, Лондон шаҳридаги юридик фирмалар россияликларга миллатига кўра хизмат кўрсатишдан бош тортмоқда.

«Россиялик мижозлар божхонада қолиб кетишдан қўрқиб, дунё бўйлаб саёҳат қилишдан қўрқади», — деди америкалик-канадалик ҳуқуқшунос.

Унинг сўзларига кўра, иккинчи паспорт энди жараённи аввалгидек соддалаштирмайди. Шунингдек, солиқ бўйича экспертнинг айтишича, Россияликлар яшаш жойи ва капитали миқдоридан қатъи назар, текширувдан ўтказилмоқда.

«Россияга алоқадор ҳамма нарса — заҳарли», — деди Россия ва Британия фуқаролигига эга Цюрихда ишловчи юрист.

Франциянинг Crédit Mutuel банки Европа банклари транзакцияларни текширишда «максимал эҳтиёткорлик»ни қўллашлари талаб қилинишини маълум қилди, бу эса тўловларнинг кечикишига олиб келиши мумкин. Бошқа Европа капитал бошқарув компаниялари ўзларини Россия пулларидан узоқлаштиришга ҳаракат қилмоқда.

Швейцариянинг Julius Baer банки Россиянинг янги мижозларини қабул қилмаслигини, аммо ҳозиргилари билан ишлашда давом этишини айтди. UBS банки раҳбари Ральф Ҳамерс Россия паспортига эга бўлганларнинг барчаси «ярмига санкция остида» эканини маълум қилди.

Аввалроқ Швейцария санкцияларга учраган россияликларнинг 6 миллиард долларлик активларини музлатиб қўйгани хабар қилинганди. Шунингдек, Грузиянинг энг бой миллиардери судда Швейцария банки устидан ғалаба қозонгани ҳақида хабар берилди.