Швейцария санкцияларга учраган россияликларнинг 6 млрд долларлик активларини музлатиб қўйди
Мамлакат узоқ вақтдан бери биринчи марта бетарафлик тамойилидан чекинди.
Швейцария ҳукумати Ғарб санкцияларига учраган россияликлар ва Россия компанияларнинг умумий қиймати 5,75 миллиард франк (6,17 миллиард доллар) миқдоридаги мулкини музлатиб қўйди. Бу ҳақда мамлакат Иқтисодий ишлар бўйича давлат котибиятининг (SECO) икки томонлама иқтисодий алоқалар бўлими раҳбари Эрвин Боллингер маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, музлатилган активлар орасида сайёҳлик жойи сифатида фаолият юритувчи турли кантонлардаги бир нечта бинолар мавжуд. SECO санкцияларга риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади.
«Музлатилган активларнинг баҳоси ҳали ҳам кўтарилиши мумкин, чунки котибият янги маълумотларни олишда давом этади ва Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхати янада кенгайтирилиши мумкин», — деди Боллингер.
Қайд этилишича, Швейцария Россиянинг Украинага ҳарбий ҳужуми бошланганидан кейин бетарафлик тамойилидан чекинди ва Европа Иттифоқининг Россияга қарши санкцияларига қўшилди. Россияликларга тегишли 213 миллиард доллар пул Швейцария банкларида сақланади.
Бироқ, Боллингер бу пулларнинг ҳаммаси ҳам санкцияларга дучор этилмаслигини ҳамда чекловлар остида қолган россияликлар ва компанияларнинг барча пуллари Швейцарияда сақланмаслигини таъкидлади.
Март ойи ўрталарида Швейцария санкциялар рўйхатига 200 дан ортиқ россиялик шахслар ва ташкилотларни қўшиб, бу рўйхатни Европаники билан мослаштирди. Миллиардерлар Алексей Мордашов, Алишер Усмонов, Роман Абрамович, Герман Хан ва бошқа тадбиркорлар, сиёсатчилар ва амалдорлар аллақачон Европа санкцияларига учраган.
Франция молия вазири Бруно Ле Мэр 20 март куни россияликларнинг умумий қиймати 850 миллион евро бўлган мулки музлатиб қўйилганини маълум қилганди. Бу суммага ҳисоблардаги пуллар, кўчмас мулк ва иккита яхтанинг нархи киритилган.
Вазирнинг таъкидлашича, Франция бу мулкни тортиб олмайди, балки уни музлатиб қўяди, эгаларини ўз мулкларини тасарруф этиш: фойдаланиш, сотиш ёки қандайдир тарзда фойда олиш имкониятидан маҳрум қилади. Яхталар бошқа давлатлар томонидан ҳам ҳибсга олинган. Масалан, Италияда — Мордашов ва миллиардер Андрей Мельниченко кемалари, Гибралтарда — миллиардер Дмитрий Пумпянскийнинг яхтаси қўлга олинган.
Аввалроқ Грузиянинг энг бой миллиардери судда Швейцария банки устидан ғалаба қозонгани хабар қилинганди. Шунингдек, Францияда россиялик миллиардер Алексей Кузьмичевнинг иккита яхтаси ҳибсга олингани ҳақида хабар берилди.