Президент Шавкат Мирзиёев макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, жаҳон иқтисодиётидаги мураккаб вазиятдан келиб чиқиб ҳудуд ва тармоқларни ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилишида валюта бозорини барқарорлаштириш борасида кўрилаётган чораларни қайд этди.
Маълум қилинишича, валюта бозори ва айирбошлаш курси барқарорлашди, биржада рубль ва юань бўйича савдолар бошланди.
«Бу борада халқимизда ортиқча хавотир ёки безовталик бўлмаслиги керак. Валюта бозорида кескин тебранишларнинг олдини олиш учун захираларимиз етарли», — деди Президент.
Қайд этилишича, Марказий банкка пухта ўйланган, оғир ва вазмин валюта ва монетар сиёсатни олиб боришни давом эттириш топширилди.
Марказий банкнинг вилоятлардаги раҳбарлари тадбиркорлар билан ҳар куни учрашиб, уларга валюта бозоридаги вазиятни, экспорт-импорт ҳисоб-китобларини амалга ошириш ва янги кредит механизмларини тушунтириб боради.
Шунингдек, халқаро экспертлар жаҳон иқтисодиётидаги ҳозирги мураккаб вазият узоқ давом этишини прогноз қилмоқда. Масалан, сўнгги бир ойда жаҳон бозорларида буғдой нархи 36 фоизга, шакар хом ашёси 10 фоизга, ўсимлик ёғи нархи 2 бараварга ошган.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Марказий банкка валюта бозоридаги ноаниқ вазият бўйича кўрсатма бергани хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари деярли 1 миллиард долларга ўсгани ҳақида хабар берилди.


