Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Молия

Сўровнома: ҳар бешинчи америкалик криптовалюталарга сармоя киритади ёки улардан фойдаланади

Сўнгги пайтларда АҚШ ҳукумати криптовалюта бозорини тартибга солиш меъёрларини ишлаб чиқишга интилмоқда.

Фото: «btc-echo.de»

Америкаликларнинг 21 фоизи криптовалюталарга сармоя киритади, улар билан савдо қилади ёхуд у ёки бу тарзда фойдаланади. Американинг NBC News телеканали томонидан ўтказилган сўров натижалари шуни кўрсатмоқда.

Сўровномада 1000 нафар катта ёшдаги америкалик иштирок этди. Энг кўп 18 ёшдан 49 ёшгача бўлган эркаклар криптовалюталарга қизиқади. Сўровда қатнашган ушбу гуруҳ вакилларининг 50 фоизга яқини криптовалюталардан у ёки бу тарзда фойдаланганлигини айтди.

Қайд этилишича, респондентларнинг 19 фоизи криптовалюталарга ижобий, 25 фоизи салбий, кўпчилик (56 фоиз) эса нейтрал муносабатда эканини маълум қилди.

Сўнгги пайтларда АҚШ ҳукумати криптовалюта бозорини тартибга солиш меъёрларини ишлаб чиқишга интилмоқда. Март ойи бошида АҚШ Президенти Жо Байден ҳукуматдан криптовалюталарнинг хавф-хатарлари ва афзалликларини ўрганишни талаб қилувчи фармон чиқарди.

Шу жумладан, фойдаланувчиларни ҳимоя қилиш, молиявий барқарорлик, АҚШнинг рақобатбардошлиги ва ноқонуний фаолият имкониятлари каби соҳаларни ўрганиш режалаштирилган. Февраль ойида Федерал қидирув бюроси криптовалюта айланишини назорат қилиш бўлимини ташкил қилмоқчи экани маълум бўлганди.

Аввалроқ биткоин курси январдан бери илк марта 45 минг долларгача кўтарилгани хабар қилинганди. Шунингдек, Ҳиндистон ҳар бир криптоинвестицияни солиққа тортишни бошлаши ҳақида хабар берилди.