Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Миллиардерлар

Россиялик миллиардер Вексельбергнинг 90 млн евролик яхтаси Испанияда ҳибсга олинди

Вексельберг Tango’га алоқадорлигини яшириш учун қалбаки компанияларидан фойдаланган.

Фото: «biz.liga.net»

Испания АҚШнинг илтимосига биноан миллиардер Виктор Вексельбергнинг 90 миллион евролик Tango яхтасини Майорка оролида ҳибсга олди. Бу ҳақда мамлакат фуқаролик гвардияси матбуот хизмати хабар берди.

«Кема россиялик миллиардер Виктор Вексельбергга тегишли», дейилади бошқарма хабарда.

Фото: Associated Press

Март ойида АҚШ Молия вазирлиги Россияга қарши янги санкциялар доирасида Вексельбергга алоқадор бўлган Tango яхтаси ва самолётини блоклашга қарор қилди. 2018 йилда АҚШ томонидан шахсий санкцияга учраган миллиардернинг айтишича, санкциялар рўйхатига қайта киритилиши «нафақат асоссиз, балки аниқ далилсиз тахминларга асосланганга ўхшайди».

АҚШ Адлия вазирлиги 4 апрель куни Испания расмийларидан яхта бўйича ёрдам сўраганини тасдиқлади. Агентлик баёнотида айтилишича, Вексельберг 2011 йилда Tango’ни сотиб олган ва яхтага алоқадорлигини яшириш учун қалбаки компанияларидан фойдаланган.

«Испанияда яхтанинг ҳибсга олиниши санкцияга учраган ва Россия ҳукумати билан яқин алоқада бўлган шахсга тегишли мулкни мусодара қилиш бўйича биринчи ҳолат, аммо охиргиси эмас», деди АҚШ Адлия вазирлиги.

Испания фуқаролик гвардияси баёнотида айтилишича, 78 метрлик кеманинг қиймати 90 миллион евродан ошади. АҚШ Адлия вазирлиги «тахминан 90 миллион доллар ёки ундан кўпроқ» деган тахминни келтирмоқда. Ҳозирда яхта Пальма-де-Майоркада жойлашган.

Виктор Вексельберг 2021 йилда Россиянинг 200 нафар энг бадавлат бизнесменлари рейтингида 20-ўринни эгаллади. Forbes’нинг 2021 йилги маълумотларига кўра, миллиардернинг бойлиги 9 миллиард долларга баҳоланган.

Аввалроқ Гибралтарда Пумпянскийнинг яхтаси ҳибсга олинишига JPMorgan алоқадорлиги хабар қилинганди. Шунингдек, Францияда россиялик миллиардер Алексей Кузьмичевнинг иккита яхтаси ҳибсга олингани ҳақида хабар берилди.