Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Молия

«Алоқабанк»нинг собиқ ходими фуқаролар номига сохта ҳужжатлар билан кредит расмийлаштиргани аниқланди

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Фото: «1tulatv.ru»

Самарқанд шаҳрида 8 нафар фуқаронинг хабардорлигисиз кредит расмийлаштириб олган «Алоқабанк»нинг собиқ ходими аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, департаментнинг Самарқанд шаҳар бўлими томонидан «Алоқа банк»нинг вилоят филиали мурожаатига асосан ўтказилган терговга қадар текширувда, банкнинг Самарқанд «Шарқ» комплекс хизматлар кўрсатиш маркази собиқ бош менежери Ш.Н. 2021 йил давомида банкка кредит сўраб мурожаат қилмаган 8 нафар фуқаронинг номига сохта ҳужжатлар асосида жами 156,3 миллион сўм истеъмол кредитини расмийлаштириб, талон-торож қилгани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Қашқадарёда молиявий пирамида йўлга қўйилгани хабар қилинганди. Шунингдек, Навоийда «Халқ банки» ходими 102 миллион сўмни ўзлаштириб юборгани ҳақида хабар берилди.