Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Молия

«Криптовалюталар оммалашса, рублнинг ўрнини босиши мумкин» — Россия Марказий банки

Давлат Думаси депутати томонидан криптовалюталарни рублга эркин конвертация қилиш имкониятини таъминлаш таклифи киритилган.

Фото: «currency.com»

Россия Марказий банки мамлакатда криптовалюталар тарқалса, улар рублнинг ўрнини босиши мумкинлигидан хавотирда. Бу ҳақда «РИА Новости» Марказий банк раиси ўринбосари Ксения Юдаеванинг сўзларига таяниб хабар берди.

Юдаеванинг сўзларига кўра, санкцияларни четлаб ўтиш учун криптовалюталардан фойдаланиш, айниқса, катта миқдордаги тўловлар нуқтаи назаридан мумкин эмас.

«Фуқаролар криптовалюталарни оммавий равишда сотиб олган тақдирда, улардан тўлов воситаси сифатида фойдаланиш муқаррар кўринади. Бундай ҳолда, Россия Федерациясининг пул бирлиги сифатида рублни криптовалюталарга алмаштириш (пул муомаласини криптолаштириш), яширин иқтисодиётнинг кенгайиши, солиқ тушумларининг қисқариши содир бўлади», — дейди Марказий банк раҳбарининг ўринбосари.

Унинг қўшимча қилишича, криптовалюталарнинг интеграцияси қонунга бўйсунмайдиган параллель молиявий тизимни яратишга олиб келади. Банклар ва молия ташкилотлари криптовалюталарга сармоя киритганда, уларнинг бозор хатарлари ортади: криптовалюталар курсининг ўзгариши, шунингдек, фирибгарлик схемаларининг пайдо бўлиши омонатчилар ва кредиторлар учун хавф туғдириши мумкин.

«Бу муқаррар равишда молия секторининг барқарорлигини пасайтиради ва хавфлар юзага келган тақдирда банкларни қўшимча капиталлаштиришни талаб қилади», — дея қўшимча қилади Юдаева.

Юдаеванинг баёнотлари Марказий банк номидан Россияда криптовалюта бозорини тартибга солиш бўйича «Ягона Россия» партиясидан Давлат Думаси депутати Антон Горелкин томонидан ишлаб чиқилган таклифлар тўпламига жавобан қилинган.

Ҳужжатда инфратузилма лойиҳалари ҳамда аппарат ва дастурий таъминот ишлаб чиқарувчиларига солиқ имтиёзлари ва қўллаб-қувватлаш чоралари кўриш, криптовалюталарни рублга эркин конвертация қилиш имкониятини таъминлаш, криптовалюталар учун имтиёзли солиққа тортиш тартибини жорий этиш таклиф этилган.

Аввалроқ ҳар бешинчи америкалик криптовалюталарга сармоя киритади ёки улардан фойдаланиши хабар қилинганди. Шунингдек, Ҳиндистон ҳар бир криптоинвестицияни солиққа тортишни бошлаши ҳақида хабар берилди.