Марказий банк томонидан «2022 йилнинг март ойида аҳолининг даромадлар кесимида инфляция даражаси ва сезилган инфляция шарҳи» тақдим этилди.
Унга кўра, 2022 йилнинг март ойида ўтказилган сўров натижаларига кўра, респондентлар томонидан сезилган инфляция февраль ойидаги кўрсаткичга нисбатан 2,6 фоиз бандга юқорилаб, 15,7 фоизни ташкил этган. Жавобларнинг медиана қиймати эса 13 фоиз атрофида шаклланган.

Шу билан бирга, умумий жавоб берувчилар таркибида сезилган инфляцияни 9-12 фоиз атрофида хис қилган респондентлар сони кўпчиликни ташкил қилган бўлса-да, нархлар ўсишини юқори бўлганини қайд этганлар сонида ҳам ошиш кузатилган. Жавобларнинг мода кўрсаткичи 12,5 фоизгача кўтарилган.

Респондентларнинг кўпчилик қисми март ойида шакар ва қандолат маҳсулотлари, ёғ ҳамда гўшт ва сут маҳсулотлари қимматлаганини сезган бўлса, дуккакли маҳсулотлар, тиббий хизматлар ҳамда ичимликлар нархлари ўсиши камроқ сезилган.

Фаолият соҳалари бўйича тиббиёт, савдо, қурилиш ҳамда давлат ташкилотида фаолият юритаётган респондентлар томонидан сезилган инфляция даражаси бошқа соҳа вакилларига нисбатан юқорироқ шаклланган.


