«Сбербанк» ўз мижозларининг хорижий активларини бошқа брокерларга ўтказишга қарор қилди, дейилади банк сайтидаги хабарда.
Қайд этилишича, трансфер 13 апрелга қадар марказлаштирилган ҳолда амалга оширилиши режалаштирилган. Банк мижоз пул ўтказмасини рад этиши ёки ўзи брокерни танлаши мумкин эмаслигини таъкидлаган.
«Банк мижозларнинг хорижий қимматли қоғозларини санкциялар рўйхатига киритилмаган бошқа депозитарийга ўтказишга қарор қилди. Биз бу қадамни сиз активларингизни чекловсиз бошқариш имкониятини сақлаб қолишингиз учун ташладик», дейилади хабарда.
Шу билан бирга, «Сбербанк» Россияда рўйхатдан ўтган эмитентларнинг қимматли қоғозлари билан мижозларга хизмат кўрсатишни давом эттиради.
«Агар сизнинг портфелингизда хорижий қимматли қоғозлар бўлса, чекловлар сизга таъсир қилади», дейилади банк хабарида.
«Сбер»нинг таъкидлашича, ўтказма хорижий компанияларнинг қимматли қоғозларига, шунингдек, Россия компанияларининг мамлакатдан ташқарида чиқарилган ва рўйхатдан ўтган қимматли қоғозларига таъсир қилади. Улар орасида Yandex, «Тинькофф», Polymetal, X5 Group, VK, Lenta, Ozon ва бошқалар бор.
Аввалроқ АҚШ Россиянинг энг йирик банки «Сбербанк» ва мамлакатнинг энг йирик хусусий банки «Альфа-Банк»га нисбатан тўлиқ блокировка қилувчи санкциялар жорий қилаётгани ҳақида хабар берилганди.
Санкциялар «Сбербанк» ва «Альфа»нинг АҚШ молия тизими билан боғлиқ активларини тўлиқ музлатиш ва мамлакат фуқароларига ушбу кредит ташкилотлари билан ҳамкорлик қилишни тақиқлашни назарда тутади.


