Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси мажлисида Марказий банкнинг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи дастлабки тарзда кўриб чиқилди. Бу ҳақда юқори палата матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, сенаторлар томонидан нархлар барқарорлигини таъминлашда пул-кредит сиёсати инструментларидан фаол фойдаланиш ва такомиллаштириш ҳамда банк тизими барқарорлигини ва тўловлар узлуксизлигини таъминлаш борасида айрим камчиликлар мавжудлиги кўрсатиб ўтилган.
Кредит портфели таркибидаги муаммоли кредитларнинг банклар молиявий барқарорлигига бўлган салбий таъсирининг олдини олиш борасида банклар ва ҳукумат томонидан чора-тадбирлар кўриб борилган. Бироқ муаммоли кредитлар улуши 2021 йил якунида 5,2 фоизгача ошган.
«Таҳлиллар Марказий банкнинг тижорат банклар фаолиятини назорат қилиш ва тартибга солиш ишлари кучайтирилиши лозимлигини кўрсатмоқда», дейилади хабарда.
Тижорат банклари ҳамда уларнинг ҳудудий тузилмаларининг очиқ ва шаффоф фаолият юритишини таъминлаш, уларда коррупцион хавф-хатарларнинг олдини олиш бўйича таъсирчан чора-тадбирларни амалга оширишда сусткашликка йўл қўйилаётгани маълум қилинди.
Аввалроқ Марказий банк раиси геосиёсий вазиятнинг Ўзбекистон иқтисодиётига кўрсатаётган таъсирларини санаганди.


