Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Молия

Ўзбекистон Россиядан олинган кредитлардан санкциялар сабаб маҳрум бўлиши мумкинми?

Тижорат банкларининг хорижий банклар олдидаги жами мажбуриятлари таркибида қаттиқ санкцияларга тушган банклардан жалб қилинган молиявий ресурслар улуши юқори эмас.

Фото: Sputnik

Ўзбекистон Марказий банки журналист ва блогерлар томонидан йўлланган саволларга жавоб бериб ўтди. Улар орасидаги саволларнинг бирида санкцияларнинг Россиядан Ўзбекистонга жалб қилинган кредит маблағларига таъсири ҳақида сўралди.

Ўзбекистон сўнгги йилларда Россиядан катта миқдорда кредит ресурсларини жалб қилди. Асосан ҳозирда санкцияга тушган банклардан — «Газпромбанк», ВТБ, ВЕБ ва бошқалар. Бу банклар йирик иқтисодий лойиҳаларни молиялаштириши лозимлигини ҳисобга олсак, Ўзбекистон санкциялар туфайли бу маблағлардан маҳрум бўлиши хавфи борми?

— Тижорат банкларининг хорижий банклар олдидаги жами мажбуриятлари таркибида қаттиқ санкцияларга тушган банклардан жалб қилинган молиявий ресурслар улуши юқори эмас.

Таъкидлаш жоизки, маҳаллий банклар томонидан қатъий санкцияга тушган банклардан жалб қилинган мажбуриятларини ўз вақтида ва иккиламчи санкциялар хавфини яратмасдан қайтариш бўйича халқаро юридик консалтинг компаниялари жалб қилинган.

Ҳар бир транзакция юридик компаниялар хулосаси асосида амалга ошириш чоралари кўрилди. Бу, ўз навбатида, келгусида йирик иқтисодий лойиҳаларни узлуксиз молиялаштириш мақсадида халқаро молия бозорларидан муаммосиз ресурслар жалб этиш имкониятини яратмоқда.

Аввалроқ мутахассис Дмитрий Тростянский Ўзбекистонда Россия молия тизими беқарорлашишининг салбий оқибатларини камайтириш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида маълумот берганди.