Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Молия

Ўзбекистонда янги ва эски банкноталар амалда. Эски пуллар қачон муомаладан чиқарилади?

Муомалада айланаётган банкнотлар сони 2,5 млрд донадан ортиқ бўлса, шундан 201 млн донадан зиёди 2021 йил намунасидаги банкнотлар ҳисобланади.

Фото: Kommers.uz

Ўзбекистон Марказий банки журналист ва блогерлар томонидан йўлланган саволларга жавоб бериб ўтди. Улар орасидаги саволларнинг бирида эски намунадаги пуллар қачон муомаладан чиқарилиши сўралди.

Ҳозирда янги ва эски банкноталар амалда. Қачон янги банкнотадан тўлиқ фойдаланиш бошланади, яъни эски пуллар қачон муомалардан чиқарилади?

– 2021 йилда дастлаб янги номиналдаги, яъни 2 минг сўмлик ва 20 минг сўмлик банкнотлар муомалага чиқарилди.

Шунингдек, 2021 йилнинг август ва декабрь ойларидан босқичма-босқич янги кўринишдаги 5 минг, 10 минг, 50 минг, 100 минг сўмлик банкнотлар муомалага чиқарилди ҳамда ушбу банкнотлар шу номиналдаги эски намунадаги банкнотлар билан параллел равишда муомалада бўлиши, яъни эски намунадаги 5 минг, 10 минг, 50 минг, 100 минг сўмлик банкнотлар тўлов қобилиятини йўқотмаслиги белгиланди.

Бугунги кунда эски намунадаги банкнотлар табиий йўл билан, яъни муомалада бўлиши жараёнида эскирган ва тўловга яроқсиз ҳолга келганлари муомаладан қайтариб олинмоқда. Муомалада айланаётган банкнотлар сони 2,5 миллиард донадан ортиқ бўлса, шундан 201 миллион донадан зиёди 2021 йил намунасидаги банкнотлар ҳисобланади.

Муомалада эски намунадаги банкнотлар салмоғи юқори эканини инобатга олиб, уларнинг муомаладан чиқариш муддатлари чекланмаган.

Аввалроқ Ўзбекистонда 22 декабрдан бошлаб янги кўринишдаги номинал қиймати 50 минг ва 100 минг сўм бўлган банкнот шаклида пул белгиларини муомалага чиқарилиши маълум қилинганди. Кейинчалик Марказий банк янги намунадаги 50 минг сўмлик банкнот дизайнида техник хатолик аниқланди.