Билл Гейтс Илон Маск Twitter’ни ривожлантира олишига шубҳа билдирди
Маск апрель ойида Microsoft асосчисини Tesla акцияларини қисқа муддатли савдонинг бир қисми сифатида сотишда айблаганди.
Microsoft асосчиси Билл Гейтс Tesla бош директори Илон Маск Twitter’ни сотиб олганидан кейин, айниқса, ижтимоий тармоқларда нотўғри маълумотлар тарқалишидан хавотир кучаяётган бир пайтда платформа қандай ўзгариши номаълумлигини айтди.
Унинг таъкидлашича, Маск ажойиб натижаларга эришган ва ўзининг бошқа компаниялари — Tesla ва SpaceX’да ажойиб муҳандислар жамоаларини тўплаган.
«Бу сафар ҳам шундай бўлишига шубҳаларим бор, лекин биз нотўғри фикр юритмаслигимиз ва Илонни ҳеч қачон камситмаслигимиз керак», — деди Гейтс.
Маск апрель ойида Microsoft асосчисини Tesla акцияларини қисқа муддатли савдонинг бир қисми сифатида сотишда айблаганди. Tesla раҳбари Twitter’да Гейтс ҳақида ўта қўпол ҳазил жойлаштирди. Билл Гейтс бундай ҳақоратлар уни безовта қилмаслигини айтди.
«Twitter охир-оқибат нимага айланади? Уларнинг ҳаддан ташқари ёлғон ва ғалати фитна назарияларининг тез тарқалиши ғоясига қандай алоқаси бор? Бу мақсад унга яқинми ёки йўқми?» — дея саволларни ўртага ташлади Гейтс.
Аввалроқ Илон Маск Twitter’ни сотиб олишга камроқ шахсий пул сарфлаш йўлини қидираётгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, миллиардер Twitter’ни айрим фойдаланувчилар учун пуллик қилишни таклиф этди.