Андижон вилояти Избоскан туманида замонавий иссиқхона қуриш учун ажратилган кредит маблағини талон-торож қилганлик ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Избоскан тумани бўлими томонидан «Туронбанк» АТБ Андижон филиалининг мурожаатига асосан терговга қадар текширув ўтказилган.
Унда мазкур филиал бошқарувчиси собиқ ўринбосари И.К. ва тумандаги «H.» хусусий боғдорчилик хўжалиги раҳбари Х.П. лар замонавий энергия тежамкор иссиқхона қуриш учун ажратилган 50 минг доллар имтиёзли кредит маблағи эвазига иссиқхона қурмасдан, расмий ҳужжатларга сохта маълумотлар киритиш орқали талон-торож қилгани аниқланган.
Текширув давомида етказилган зарарнинг 20 минг доллари ундирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни қалбакилаштириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилаётгани маълум қилинди.
Аввалроқ Самарқанд шаҳрида «Алоқабанк»нинг 8 нафар фуқаронинг хабардорлигисиз кредит расмийлаштириб олган собиқ ходими қўлга олинганди.


