Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Молия

«Қишлоқ қурилиш банк» Фарғона вилоятига пресс тур уюштирди

Айни пайтда Фарғона вилоятида АТБ «Қишлоқ қурилиш банк»нинг 4 та банк хизматлари офиси хамда 5 та банк хизматлари маркази фаолият кўрсатиб келмоқда.

«Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун, Президентнинг  2019 йил 27 июнда қабул қилинган «Оммавий  ахборот воситалари мустақиллигини  таъминлаш  ҳамда  давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги  қарори талабларидан келиб чиқиб, АТБ «Қишлоқ қурилиш банк»  тизимида  очиқлик  ва ахборот сиёсатини амалга ошириш  чоралари кўрилмоқда. 

Банк томонидан Фарғона вилоятига ташкил қилинган Пресс-тур  ҳам ана шундай саъй-ҳаракатларнинг сирасига киради. Мазкур тадбир вилоятда банк молиявий кўмагида амалга оширилаётган инвестицион лойиҳалар ва «Маҳаллабай» тизимида олиб борилаётган ишларнинг амалий натижалари билан танишиш мақсадида ташкил этилди. 

Айни пайтда Фарғона вилоятида АТБ «Қишлоқ қурилиш банк»нинг 4 та банк хизматлари офиси хамда 5 та банк хизматлари маркази фаолият кўрсатиб келмоқда. Уларда жами 6743 дона юридик шахларга банк хизматлари кўрсатилмокда. Жумладан, 356 та қурилиш, 2683 та савдо, 431 та ишлаб чиқариш, 487 та хизмат кўрсатиш, 972 дона қишлоқ хўжалиги фаолияти билан шуғулланувчи корхоналардир.

Пресс тур доирасида журналистларга вилоятдаги банк тузилмалари эришаётган иқтисодий кўрсаткичлар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, жорий қилинаётган янги хизматлар ва мижозлар учун яратилган шароитлар билан атрофлича танишилди. Кўрилаётган чоралар натижасида хизматлар кўлами кенгайиб, банк мижозлари сони муттасил ошиб бораётгани қайд этилди.

Иштирокчилар Фарғона вилоятида банк молиявий кўмагида амалга оширилаётган инвестицион лойиҳалар билан танишди.

Дастлабки манзил Тошлоқ тумани бўлди. Журналистлар АТБ «Қишлоқ қурилиш банк» мижози Toshloq ice fruit servis МЧЖ томонидан амалга оширилган мева-сабзавотларни экспорт қилиш учун саралаш ва қадоқлаш лойиҳаси ҳамда интенсив усулда барпо этилган гилос боғи билан танишди.

Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 3 миллион 543 минг долларни ташкил этиб, шундан 1 миллион 912,2 минг доллар банк кредити саналади. Мазкур маблағлар ҳисобидан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари — мева-сабзавотларни қуритиш, совутиш, саралаш ва қадоқлаш  учун зарур дастгоҳлар ҳамда 31 га ер майдонда Туркия давлатидан пол карлик гилос кўчатлари ва томчилатиб суғориш технологияси учун ускуналар олиб келинди. 1650 тонна қишлоқ хўжалик маҳсулотлари сақлаш имконияти яратилди. 

Бугунги кунда корхона томонидан маҳаллий етиштирилган мевалар ички ва ташқи бозорга етказиб берилмоқда. Ушбу лойиҳа татбиқ этилиши ҳисобига 33 та янги иш ўрни яратилган.

Шундан сўнг, ОАВ вакиллари АТБ «Қишлоқ қурилиш банк» мижози – «Тошлоқ қурилиш ва таъмирлаш» хусусий корхонаси томонидан қурилаётган  кўп қаватли турар-жойлар билан танишди.

Умумий қиймати 10 миллиард 500 миллион сўм бўлган лойиҳа доирасида Тошлоқ туманининг Ахшак МФЙ худудидаги Ахшак маҳалласида 5 қаватли 20 хонадондан иборат кўп қаватли уйлар қурилмоқда. Тадбиркорга банк 5 миллиард сўм кредит ажратди. Кредит маблағлари ҳисобига қурилиш материаллари ва  махсус техника харид қилинган. 

Лойиҳа маҳаллий аҳоли, хусусан, ёш оилаларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжини  таъминлашга ҳисса қўшаётгани билан аҳамиятлидир. 

Пресс тур иштирокчиларининг кейинги манзили Қувасой шаҳри бўлди. Бу ерда журналистлар Agro Service Asia МЧЖ ҳамда Global Leаzing МЧЖ томонидан интенсив боғ ва нетхаус барпо қилиш лойиҳаси билан танишди.

Мазкур корхона 2018 йилда ташкил қилинган бўлиб, 2019 йил охиридан тўлиқ қувват билан ишлай бошлаган. Жами 12 га ер майдонининг 7 гектарига Исроил технологияси асосида нетхаус барпо қилинган. 6 гектар майдонда кўчатлар етиштирилади. Ҳар бир гектардан 100 тоннадан ортиқ ҳосил олинмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 2 985 900 доллар бўлиб, шундан 1 985 900 доллари банк кредити ҳисобланади. 

Бугунги кунда помидор ва булғор қалампири етиштирилаётган ҳудудда 60 та янги иш ўрни яратилган. Шунингдек, мавсумий ишлар учун 250-300 тагача ишчилар қўшимча жалб қилинади. Бу ерда етиштирилаётган маҳсулотлар қатор хорижий давлатларга экспорт қилинмоқда. 

Журналистлар «Лидер тадбиркор» лойиҳасига мувофиқ Қувасой шаҳри, Пакана МФЙда ташкил этилган «Толибжон Ғанижон асаларичилик» фермер ҳўжалигида ҳам бўлишди. Мазкур хўжалик негизида «БИР МАҲАЛЛА – БИР МАҲСУЛОТ» тамойили асосида асаларичилик йўналишида кооперация ташкил этилган.

Хусусан, тадбиркор томонидан маҳалладаги 50 дан ортиқ хонадонга 5 тадан асалари уяси тарқатилмоқда. Шу орқали, кўплаб юртдошларимизнинг уй шароитида қўшимча даромад олиш имконияти яратилади, бандлиги таъминланади.

Эътиборлиси, мазкур лойиҳа қиймати 1 млрд. сўм бўлиб, уни амалга ошириш йилига 22 тонна асал тайёрлаш имконини беради ва 52 та янги иш ўринлари яратилади. Кооперация таркибига кирган оилалар учун эса, ойига қўшимча 3.5-4 млн. сўм даромад олиш имконияти юзага келади.

Шунингдек, журналистлар Фарғона вилояти, Фарғона тумани, «Оқ олтин» МФЙ худудида «Ҳумо Сиҳатгохи”  МЧЖ томонидан бунёд этилаётган «Хумо» соғломлаштириш-дам олиш маскани билан таништирилди. Лойиҳа умумий қиймати 13 миллиард 795 миллион сўм бўлиб, банк томонидан ажратилган кредит — 5 миллиард сўм. 

Мазкур лойиҳа ишга тушгач, бир вақтнинг ўзида 200 нафар инсонларни соғломлаштириш қуввати пайдо бўлади. Сиҳатгоҳ фитнес заллари, қишки ва ёзги бассейн ҳамда мароқли ҳордиқ чиқариш учун зарур бўлган маданий дастурларга мўлжалланган концерт залини ўз ичига олган йирик комплекс сифатида меҳмонларда қизиқиш уйғотди. Асосийси, лойиҳа ишга тушиши билан 97 та янги иш ўринлари яратилади. 

Пресс турнинг иккинчи куни АТБ «Қишлоқ қурилиш банк»нинг яна бир мижози – Бувайда туманидаги Samiraxon Sabinaxon Ulug’bek ФХ томонидан ташкил этилган чорвачилик комплекси лойиҳаси билан танишишдан бошланди. 

Бу лойиҳанинг умумий қиймати 461 790,3 доллар бўлиб, шундан 249 762 доллари банк кредити саналади. Кредит ҳисобига Германия давлатидан 64 бош наслли қора моллар, 1 та трактор ҳамда соғин зали ускуналари сотиб олинган. Натижада 20 та янги иш ўрни яратилган. Асосийси, бир гуруҳ маҳаллий ёшлар доимий иш ўринларига эга бўлди.

Шундан сўнг журналистлар Данғара туманидаги Best Tomato МЧЖ томонидан ташкил этилган иссиқхона лойиҳаси билан танишдилар. Жами қиймати 1 422 449 АҚШ долларига тенг лойиҳани ишга туширишда банк томонидан 431 649  АҚШ доллари миқдорида молиявий сармоя ажратилган. Яратилган иш ўринлари сони – 20 та. 

Журналистлар «Қўқон» эркин иқтисодий саноат зонасида жойлашган AVILON KOKAND МЧЖда ҳам бўлди.

Енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган лойиҳанинг умумий қиймати 3 282 525 доллар бўлиб, шундан 2 миллион доллари банк томонидан молиялаштирилган. Корхона ишга тушиши билан 100 дан ортиқ  янги иш ўринлари яратилди.

Фарғонага сафар давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари вилоятдаги банк тузилмалари, хусусан, Қўқон банк хизматлари офиси  фаолияти билан танишди. Мижозлар учун таклиф этилаётган банк хизматлари ва яратилаётган қулайликлар бўйича маълумот берилди.

Пресс тур давомида журналистлар худудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга АТБ «Қишлоқ қурилиш банк» қўшаётган амалий ҳисса, татбиқ қилинаётган лойиҳалар ҳисобига яратилаётган қўшимча даромад манбалари ва иш ўринлари, «Маҳаллабай» тизими бўйича эришилаётган дастлабки натижаларнинг гувоҳи бўлди. 

Реклама