«Қишлоқ қурилиш банк» вакиллари 2022 йилнинг 1-4 май кунлари Мисрда Ислом тараққиёт банки гуруҳи вакилларининг 47-йиллик конференциясида қатнашди. Бу ҳақда банк ахборот хизмати Kommers.uz’га хабар берди.
Конфенренция давомида «Қишлоқ қурилиш банк» вакиллари томонидан Ислом тараққиёт банки гуруҳи аъзолари бўлган Хусусий секторни ривожлантириш ислом корпорацияси (ХСРИК), Халқаро савдони молиялаштириш ислом корпорацияси (ХСМИК), Ислом тараққиёт банк (ИТБ) вакиллари билан учрашувлар ўтказилиб, ислом молияси тамойиллари асосидаги умумий қиймати 65 миллион доллар миқдоридаги линияларини молиялаштириш юзасидан дастлабки келишувларга эришилди.
Жумладан, «Қишлоқ қурилиш банк» ҳамда ХСРИК кўп йилдан буён ҳамкорликда ишлаб келмоқда. Бугунги кунга қадар инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун 36 миллион доллар миқдоридаги линия маблағлари ўзлаштирилган. Айни пайтда ушбу корпорациянинг 15 миллион доллар миқдоридаги коронавирус пандемияси даврида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадидаги 3 йиллик линияси доирасида мижозларга муробаҳа асосида молиялаштириш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, конференция доирасида ўтказилган музокаралар натижасида 2022 йил учун 50 миллионмиқдоридаги 5 йиллик янги молиялаштириш линиясини жалб қилиш юзасидан келишиб олинди.
Банк томонидан ХСМИК билан алоқалар 2021 йилда ўрнатилган. Савдо ва айланма маблағлар билан таъминлашга йўналтирилган 10 миллион доллар миқдоридаги 1 йиллик молиялаштириш линияси маблағлари тўлиқ ўзлаштирилган бўлиб, ҳозирги вақтда ушбу келишув доирасида қайтарилган маблағларни револвер шаклда қайта жойлаштириб келинмоқда.
Ушбу линия молиявий ресурсларига мавжуд талабдан келиб чиқиб, конференция доирасида ХСМИК вакиллари билан 2022 йил учун 15 миллион доллар миқдорида янги молиялаштириш линияси очиш бўйича дастлабки келишувлар амалга оширилди.
Бундан ташқари, конференция давомида Ислом тараққиёт банки, Буюк Британиянинг HSBC банки, Жаҳон банки, Ислом тараққиёт банки институти (ИТБИ) вакиллари билан ҳам учрашувлар ташкил этилди. Уларда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, ходимлар малакасини ошириш, дастурий таъминотлар яратиш юзасидан музокаралар ўтказилди.
Реклама


