Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Молия

Жаҳон банки Ўзбекистонга чўлланиш ва ер деградациясининг олдини олиш учун 142 млн доллар ажратади

Лойиҳа Жаҳон банкининг Марказий Осиё ландшафтларига чидамлилик дастурининг (RESILAND CA+) бир қисмидир.

Жаҳон банки ижрочи директорлар кенгаши Ўзбекистонга 142 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда ташкилотнинг матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу маблағлар мамлакатнинг турли ҳудудларида ландшафтлар барқарорлигини яхшилаш ва ўрмонларни қайта тиклаш, шунингдек, Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари ўртасида трансчегаравий табиий зоналарни тиклаш бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашувчи лойиҳани молиялаштиришга йўналтирилади.

Лойиҳа Жаҳон банкининг Марказий Осиё ландшафтларига чидамлилик дастурининг (RESILAND CA+) бир қисмидир.

Унинг мақсади чўлланиш ва ер деградациясининг олдини олиш, шунингдек, иқлим ўзгариши оқибатларига тайёрлигини ошириш орқали ландшафтларнинг мустаҳкамлигини оширишдан иборат.

Лойиҳани амалга ошириш учун Жаҳон банки гуруҳига аъзо бўлган Халқаро тараққиёт ассоциацияси Ўзбекистон ҳукуматига паст фоиз ставкасида, муддати 30 йил, жумладан, беш йиллик имтиёзли давр билан имтиёзли молиялаштиришни тақдим этади.

Лойиҳа фаолиятини амалга ошириш учун мақсадли жамғармалар — Корея-Жаҳон банки ҳамкорлик жамғармаси (3 миллион доллар) ва Барқарор ландшафтлар бўйича глобал ҳамкорлик (8 миллион доллар) ҳисобидан қўшимча маблағ ажратилади.

Аввалроқ Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини рақамлаштиришга Жаҳон банки ҳисобидан 20 миллион доллар ажратилиши ҳақида хабар берилганди.