Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Молия

Ўзбекистонда ўрнатилган қуёш ва шамол электр ускуналари учун компенсация тўланади

Ушбу тизим Энергетика вазирлигининг махсус жамғармаси орқали жорий этилиши белгиланди.

Ўзбекистонда аҳоли ва тадбиркорларга ўрнатилган қуёш ва шамол электр ускуналари учун қувватига қараб компенсация тўланади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев қайта тикланувчи энергиядан фойдаланишни кенгайтириш бўйича устувор вазифаларга бағишланган йиғилишда маълум қилди.

Президент матбуот котибининг ёзишича, Шавкат Мирзиёев муқобил энергия масаласи умуммиллий аҳамиятга эгалигини қайд этиб, муқобил энергия ускунасини ўрнатган аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича мутлақо янги тизим жорий этилишини таъкидлаган.

Бунда, аҳоли ва тадбиркорларга ўрнатилган қуёш ва шамол электр ускуналари учун қувватига қараб 15 миллион сўмгача, сув иситиш қурилмаси учун эса 2 миллион сўмгача компенсация тўланади. Ëки ускуна қийматини 3 йил ичида фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади.

Ушбу тизим Энергетика вазирлигининг махсус жамғармаси орқали жорий этилиши белгиланди.

Жамғарма ҳақида

Муқобил энергия ускуналарини ўрнатиш истагида бўлган аҳоли ва тадбиркорлар бу имкониятлардан фойдаланиши учун бирон-бир идорага боришга мажбур бўлмайди. Барча ҳужжатлар ускуна харид қилинадиган жойнинг ўзида ҳал бўлади.

Бунинг учун жамғарма маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳамда ҳудудлардаги сотувчилар билан ҳамкорлик шартномаларини тузади. Ишлаб чиқарувчиларнинг аҳоли ва тадбиркорларга ускуналарни бўлиб-бўлиб тўлашга бериш харажатлари жамғарма томонидан қоплаб берилади.

Жамғармага 100 миллиард сўм ажратилади, ишлатишига қараб йил якунига қадар яна 100 млрд сўм берилади. Фонднинг электрон портали ишга туширилиб, барча жараёнлар тўлиқ рақамлаштирилади.

Мутасаддиларга тизимни 1 сентябрдан амалиётга жорий қилиш топширилди.

Вилоят ҳокимлари олдига жорий йилда «дафтарлар»га кирган камида 5 мингта оилани, келгуси йилда яна 10 мингтасини сув иситиш қурилмаси билан таъминлаш чораларини кўриш вазифаси қўйилди.