SkyTaxi юк ташувчи авиакомпанияси Тошкентга парвозларни бошлади. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 11 июнь куни маҳаллий вақт билан соат 14:50 да SkyTaxi юк ташувчи авиакомпаниясига тегишли самолёт Тошкент халқаро аеропортига қўнган. Самолётнинг биринчи ташрифи анъанавий тарзда сув аркаси билан кутиб олинган.
Польшанинг Вроцлав аэропортида жойлашган компания иккита Boeing 767-200 юк самолётидан иборат паркка эга, Европа, Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатларига чартер ва режали юк рейсларини амалга оширади.
SkyTaxi чартер асосида ҳафтасига олти марта рейсларни амалга оширади. Юк ташувчи самолётлар Хитойдан Ўзбекистон орқали Европа ва ортга учади.
«Тошкент» аэропорти авиакомпания самолётларининг техник қўниши, ёқилғи қуйиш ва экипажни алмаштириш учун трансфер пунктига айланади.
Аввалроқ «Тошкент» аэропорти яқинидаги автотураргоҳлар Uzbekistan Airports балансига ўтказилиши ҳақида хабар берилганди.


