Франция Олий суди россиялик миллиардер, Letter One ва Alfa Group асосчиларидан бири Алексей Кузьмичевнинг даъвосини рад этди. У мамлакат расмийларининг Париждаги уйи ва Ривиерадаги вилласи ҳақидаги маълумотларни эълон қилишига қарши чиққанди.
Bloomberg маълумотларига кўра, бу ҳақдаги қарор суд томонидан ўтган ҳафта охирида қабул қилинган. Кузьмичевнинг мол-мулки Европа Иттифоқи санкциялари туфайли музлатилган, унинг уйи ва вилласи қаерда экани ошкор қилинган. Миллиардер ўз даъвосида бу маълумотларнинг эълон қилиниши унинг оиласи ҳаётини хавф остига қўйганини айтди.
У апрель ойида француз ҳукумати томонидан чиқарилган фармонни тўхтатиб туришни талаб қилди. Бу ерда тармоқда россиялик ишбилармонларнинг кўчмас мулк манзилларини чоп этиш назарда тутилган.
Ўз навбатида, Франция суди маълумотларнинг махфийлиги бўйича регулятор бундай эълонларни вазиятга «мутаносиб» деб тан олганини таъкидлади.
Шунингдек, судьялар мулкни ошкор қилиш уни ширкатлар ўртасида улуш кўринишидаги хусусий келишув асосида ижарага бериш ёки сотишнинг олдини олади, деган хулосага келди.
Эслатиб ўтамиз, 15 март куни Европа Иттифоқи россиялик энг бой тадбиркорларга, жумладан, Letter One’нинг ҳамтаъсисчилари Михаил Фридман, Петр Авен, Герман Хан ва Алексей Кузьмичевга қарши янги санкциялар киритди.
Шундан сўнг Кузьмичев шериклари билан биргаликда «Альфа-Банк» бенефициарлари рўйхатини тарк этди. Тадбиркорлар Letter One директорлар кенгашидан ҳам чиқиб кетди.
Россиялик миллиардерларнинг Forbes-2022 рейтингига кўра, Кузьмичев 6 миллиард долларлик бойликка эга ва энг бой россияликлар орасида 20-ўринни банд қилиб турибди.
Аввалроқ Алексей Кузьмичевнинг иккита яхтаси тадбиркор Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатига киритилганидан сўнг Францияда ҳибсга олинганди.


