Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Молия

Россиянинг «Совкомбанк»и «Ўзагроэкспортбанк»ни сотиб олмайдиган бўлди

Хотимскийнинг айтишича, санкциялар билан боғлиқ вазият бартараф этилгач, Ўзбекистон бозорига қайтишга умид қилинмоқда.

Россия «Совкомбанк»и томонидан «Ўзагроэкспортбанк»ни сотиб олиш бўйича битим бекор қилинмоқда. Бу ҳақда Санкт-Петербург иқтисодий форумида «Совкомбанк» бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Сергей Хотимский маълум қилди.

«Афсуски, бизга, шунингдек, деярли барча тизимли аҳамиятга эга бўлган Россия банкларига нисбатан санкциялар қўлланилгани сабабли, ҳозирги шароитда лойиҳани амалга ошириш имконсиз бўлиб қолди.

Шу ўринда тушуниш керакки, бизнинг ҳар қандай шўъба банкимиз автоматик равишда санкцияларга тушиб қолади, бу эса Ўзбекистон учун муаммо бўлади», — дейди у.

Хотимскийнинг айтишича, санкциялар билан боғлиқ вазият бартараф этилгач, Ўзбекистон бозорига қайтишга умид қилинмоқда.

«Вазият ўзгаради, санкциялар билан боғлиқ вазият бартараф этилгач, биз Ўзбекистон бозорига фаол кредитор сифатида катта мамнуният билан қайтамиз, деб умид қилишда давом этамиз. Ҳозир, афсуски, кредит лойиҳаларимизнинг аксарият қисмини қисқартиришга мажбурмиз», — дейди у.

Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, бу безовталиклар, албатта, абадий эмас, лекин «Ўзагроэкспортбанк» ҳеч қачон «Совкомбанк»нинг шўъба корхонасига айланмаслиги аниқ.

«Ўзбекистон ҳукумати яқин келажакда банкни хусусийлаштиришни режалаштирмоқда ва биз шароит туфайли бу жараёнда иштирок эта олмаймиз. Ҳозир томонларнинг ўзаро қарорига кўра, битим бекор қилиниш босқичида. Айтишимиз мумкинки, у деярли бекор қилинди», — дея хулоса қилди Хотимский.

Аввалроқ «Ўзагроэкспортбанк»нинг 100 фоиз улушини Россиянинг «Совкомбанк» банки харид қилиши ҳақида хабар берилганди.

«Ўзагроэкспортбанк» 2017 йил ташкил топган. Банк Ўзбекистоннинг ёш динамик ривожланаётган банки ҳисобланади. Бугунги кунда «Ўзагроэкспортбанк» Тошкент шаҳри бўйича 2 та офисга эга. Банк республиканинг бошқа шаҳарларида яна бир нечта филиаллар очишни режалаштирмоқда.