Ўзбекистон фуқароларидан ёшга доир, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлик пенсияларини тайинлаш жараёнида оила таркиби тўғрисидаги маълумотлар талаб этилмайди. Бу ҳақда Пенсия жамғармаси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Молия вазирлиги ҳузуридаги буджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидандавлат пенсияларини тайинлашда фуқаролардан талаб этиладиган ҳужжатларни босқичма-босқич қисқартириш мақсадида Адлия вазирлиги ва Пенсия жамғармаси маълумотлар базалари ўртасида ахборот алмашинуви йўлга қўйилган.
Ушбу ахборот алмашинуви орқали давлат пенсияларини тайинлашда фуқароларнинг оила таркиби тўғрисидаги зарур маълумотлари автоматик тарзда шакллантириш тизими йўлга қўйилган.
Яъни, эндиликда пенсия тайинлашда никоҳ, ажрим ва фарзандларнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалари ва уларнинг нусхалари талаб этилмайди.
Маълумот учун, 2022 йил Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига трансфертлар 14 триллион сўмга етиши кутилмоқда. Молия вазирлигининг «Фуқаролар учун бюджет — 2022» (лойиҳа) нашрида Пенсия жамғармаси тақчиллигининг кескин ошиб кетганини кўриш мумкин. Солиқ ва бошқа тўловлардан тушадиган маблағлар Пенсия жамғармаси харажатларини тўлиқ қопламаслиги сабабли давлат бюджетидан алоҳида 14 триллион сўм йўналтирилиши қайд этилган.


