Ўзбекистонда пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун ўртача иш ҳақининг максимал миқдори пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 10 бараваридан 12 бараваригача оширилиши мумкин. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси йиғилишида ушбу масала кўриб чиқилди.
Йиғилишда қўмита аъзолари «‘Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида’ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини дастлабки тарзда муҳокама қилди.
Қонун лойиҳаси билан пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун ўртача иш ҳақининг максимал миқдорини пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 10 бараваридан 12 бараваригача ошириш назарда тутилмоқда.
«Таклиф этилаётган ушбу тартиб пенсионерларнинг даромади ва фаровонлигини ошириш, пенсиялар миқдори билан иш ҳақи ўртасидаги тафовутни камайтириш, пенсия олувчи фуқароларнинг моддий фаровонлигини янада ошириш, ижтимоий адолат тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилади», дейилади қуйи палата хабрида.
Йиғилишда қўмита аъзолари томонидан қонун лойиҳаси дастлабки тарзда маъқулланиб, Қонунчилик палатаси кенгашининг навбатдаги мажлиси муҳокамасига киритишга келишилди.
Аввалроқ Ўзбекистон фуқароларидан ёшга доир, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлик пенсияларини тайинлаш жараёнида оила таркиби тўғрисидаги маълумотлар талаб этилмаслиги маълум қилинганди.


