Amazon асосчиси Жефф Безос АҚШ Президенти Жо Байден ёқилғи қуйиш шохобчалари эгаларини бензин нархини пасайтиришга чақирганидан кейин Оқ уйни бозор динамикасини нотўғри тушунишда айблади.
Оқ уй матбуот котиби Карине Жан-Пьер бунга жавобан дунёдаги энг бой одамлардан бирини америкаликлардан фойда кўраётганларни қўллаб-қувватлаётганликда айблади.
Фикр алмашиш Twitter ижтимоий тармоғида бўлиб ўтди, у ерда Байден ёқилғи қуйиш шохобчалари эгаларига мурожаатини эълон қилганди.
Безос Байденнинг нархларни пасайтириш чақириғидан кейин ўз аккаунтида инфляция Оқ уй учун бундай баёнотларни давом эттиришда жуда муҳим муаммо эканини ёзди.
«Бу тўғридан-тўғри чалғитувчи ёки бозорнинг асосий динамикасини чуқур нотўғри тушунишдир», — деди Безос Байденнинг талаблари ҳақида.
Оқ уй матбуот котиби Карине Жан-Пьер ўзининг Twitter саҳифасида бу бозорнинг асосий динамикаси эмас, балки «америкалик истеъмолчиларни муваффақиятсизликка учратган бозор» эканини қайд этди.
Жан-Пьернинг қайд этишича, ой давомида нефть нархи қарийб 15 долларга тушган, бироқ бу ёқилғи қуйиш шохобчаларида нархларнинг пасайишига олиб келмаган.
Унинг қўшимча қилишича, нефть ва газ компаниялари «Америка халқи ҳисобига рекорд даражадаги фойда олиш учун бозордаги устунликдан фойдаланмоқда».
Оқ уй матбуот котибининг сўзларига кўра, Безос бу вазиятни «иқтисодиёт ишлаши керак бўлган усул деб ҳисобласа ажаб эмас».
Жо Байден 2 июль куни ёқилғи қуйиш шохобчалари эгаларига ёқилғи қуйиш шохобчаларида бензин нархини туширишга чақирганди.
«Маҳсулот учун тўлаган харажатларингизни акс эттириш учун ёқилғи қуйиш шохобчаларида нархни пасайтиринг. Ва буни ҳозироқ амалга оширинг», — деб ёзди у.
Июнь ойи бошида АҚШдаги ёқилғи қуйиш шохобчаларида бензин нархи бир галлон (3,78 литр) учун 5 доллардан ошди.
Аввалроқ Жо Байден бутун дунё бўйлаб нефть ва газ компанияларини ёқилғи нархи ошиши фонида энергия ишлаб чиқаришни кўпайтиришга чақирганди.


