Қорақалпоғистонда 2022 йилнинг январь-март ойларида жами 1,6 триллион сўм асосий капиталга инвестициялар ўзлаштирилди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 2022 йил январь-март ойларида Қорақалпоғистонда жами 1,6 триллион сўм асосий капиталга инвестициялар ўзлаштирилган. Ушбу кўрсаткич 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 5,7 фоизга ўсган.
Мазкур инвестициялар таркибида хорижий инвестиция ва кредитлар 431,7 миллиард сўмни ташкил этган. Улардан 74,8 миллиард сўми Ўзбекистон кафолати остидаги хорижий кредитлар ҳисобланади.
Қолган 356,9 миллиард сўми тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлардан ташкил топган.
Қорақалпоғистон Ўзбекистон томонидан энг кўп сармоя, маблағ ва эътибор йўналтирилаётган ҳудудлардан бири бўлиб турибди. Ҳудуд газ таъминоти, ўртача иш ҳақи ва мактаблар билан қамраб олиш бўйича яхши кўрсаткичларга эга.


