Фактлар: Қорақалпоғистон — турмуш даражаси кескин ўсаётган ҳудудлардан бири
Ҳудуд газ таъминоти, ўртача иш ҳақи ва мактаблар билан қамраб олиш бўйича яхши кўрсаткичларга эга.
Қорақалпоғистон Ўзбекистон томонидан энг кўп сармоя, маблағ ва эътибор йўналтирилаётган ҳудудлардан бири бўлиб турибди. Ҳудуд газ таъминоти, ўртача иш ҳақи ва мактаблар билан қамраб олиш бўйича яхши кўрсаткичларга эга.
Табиий газ билан таъминланганлик даражаси
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йил ҳолатида квартира (уй)ларнинг табиий газ билан таъминланганлик даражасининг энг юқори кўрсаткичлари Тошкент шаҳри (95,2 фоиз), Тошкент вилояти (86,9 фоиз) ва Қорақалпоғистонда (69 фоиз) кузатилмоқда.
Бундан келиб чиқадики, Қорақалпоғистон табиий газ билан таъминланганлик даражаси бўйича бутун Ўзбекистонда пойтахт ва Тошкент вилоятидан кейин учинчи ўринда турибди.
Сув билан таъминланганлик даражаси
Қорақалпоғистондаги уйларни сув билан таъминлаш даражасига эътибор қаратилса, 57, 5 фоиз кўрсаткични кўриш мумкин. Бу Қорақалпоғистон сув билан таъминланганлик даражаси бўйича Бухоро (50,9 фоиз), Хоразм (40,6 фоиз) ва Қашқадарё (35,8 фоиз) дан ҳам олдинда деганидир.
Даромад
Маълумотларга кўра, мол-мулкдан олинган даромадларининг юқори ўсиш суръати энг кўп — Қорақалпоғистон да (169,2 фоиз) қайд этилди.
Шунингдек, Самарқанд, Сурхондарё, Фарғона, Андижон, Наманган ва Қашқадарё вилоятлари билан бирга Қорақалпоғистонда ҳам трансфертлардан олинган даромадларнинг улуши аҳоли умумий даромадларига нисбатан 30 фоиздан юқори кўрсаткични ташкил этди.
Саноат иқтисодий фаолият тури бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичи Навоий вилояти (7012,3 минг сўм), Тошкент шаҳри (4861,2 минг сўм) Тошкент вилояти (4838,8 минг сўм), Қашқадарё вилояти (4350,5 минг сўм) ҳамда Қорақалпоғистон (4230,1 минг сўм)да кузатилди. Республика бу кўрсаткич бўйича бешинчи ўриндалигини кўриш мумкин.
Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасининг фаолияти тури бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичига назар солинса, Қорақалпоғистон пойтахт ва Тошкент вилоятидан сўнг учинчи ўринда бормоқда.
Охирги беш йилда ҳудуднинг маҳаллий бюджетига қарийб 11 триллион сўм маблағ йўналтирилди. Аҳолини ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш бўйича муҳим дастурлар изчил амалга оширилмоқда.
Камбағалликни қисқартириш бўйича катта ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, «темир дафтар»га киритилган 65 мингга яқин оилага, 16 ёшгача болаликдан ногирон аъзоси бўлган ҳамда боқувчисини йўқотган 17 минг оилага моддий ёрдам кўрсатилди.
Биргина 2020 йил якуни бўйича Қорақалпоғистонда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи даромад 3 баробарга ошди.
Сўнгги беш йилда қурилиш ишлари ҳажми 3,5 марта ўсди. Ўнлаб янги ишлаб чиқариш қувватлари, замонавий агрокластерлар, қўшма корхоналар ишга туширилди.
Таълим
Қорақалпоғистон 2021/2022 ўқув йили бошига умумтаълим муассасаларида бир нафар ўқитувчига ўртача тўғри келадиган ўқувчилар сони бўйича пастки ўринларда. Ҳудудда бир нафар ўқитувчига 9 нафар ўқувчи тўғри келади.
Таққослаш учун, Тошкент шаҳрида бир нафар ўқитувчига 18 нафар ўқувчи тўғри келади. Бу таълим соҳасида кадрлар бўйича катта эҳтиёж йўқлигин кўрсатади.
Қорақалпоғистонда ҳар 10 минг нафар ўқувчига 15 та мактаб тўғри келади. Ҳудуд бу кўрсаткич бўйича Ўзбекистонда учинчи ўринда бормоқда.
Республикада минглаб янги объектлар барпо этилди, реконструкция қилинди ва таъмирланди. Жумладан, кўплаб болалар боғчалари, умумтаълим ва ихтисослашган мактаблар, олийгоҳлар, соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият ва спорт масканлари фойдаланишга топширилди.
Боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 2017 йилдаги 32 фоиздан 75 фоизга етди.
Оролга кўрсатилаётган эътибор
Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини ҳимоя қилиш ва тиклаш, ҳудудни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ҳам фаол иш олиб борилмоқда. Хусусан, бир пайтлар ночор аҳволга тушиб қолган Мўйноқ бугун бутунлай янгича қиёфа касб этиб, жадал ривожланиб бораётган замонавий туманлардан бирига айланди.
Орол денгизининг қуриган тубидан миллионлаб тонна чанг ва заҳарли тузлар кўтарилиб, катта ҳудудга тарқалар эди. Шавкат Мирзиёев 2018 йили Мўйноққа ташрифи чоғида олимлар билан маслаҳатлашиб, у ерда шўрга чидамли ўсимликлар экиш вазифасини белгилаган эди.
Ўтган йилларда денгизнинг сув қуриган қисмида 1 миллион 524 минг гектар тўқайзор барпо этилган. Бунинг учун саксовул, қорабўроқ, қандим, черкез каби чўл ўсимликларидан қарийб 6 минг тонна уруғ тайёрланиб, қийин шароитларда экилган. Бу ишларда 4 мингдан зиёд ишчи қатнашиб, 1 минг 600 дона техника, самолётлар жалб этилган.
Бу хайрли, долзарб ҳаракат давом эттирилмоқда. Жорий йилда 100 минг гектар майдонда «яшил қоплама» барпо қилиш режалаштирилган. Бугунги кунда шундан 26 минг гектарида иш бошланган, 562 тонна уруғлар тайёрланган. Шунингдек, 100 гектар майдонда кўчатхона ташкил қилинмоқда.
Оролбўйининг флора ва фаунасини яхшилаш бўйича 5 йиллик миллий дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган.