Европа Иттифоқи россиялик тадбиркорларнинг 13,8 миллиард евролик активларини музлатиб қўйди. Бу ҳақда «Коммерсантъ» нашри хабар берди.
Европа комиссари Дидье Рейндерснинг сўзларига кўра, Россиянинг Украинага босқини бошланганидан сўнг россиялик тадбиркорларнинг Европа Иттифоқидагидаги музлатилган активлари миқдори 13,8 миллиард еврони ташкил қилган.
Унинг аниқлик киритишича, мулкларнинг катта қисми (12 миллиард евро) Иттифоқнинг бешта давлати томонидан музлатилган.
«Айни пайтда Россия олигархлари ва турли ташкилотларининг 13,8 миллиард евролик активларини музлатиб қўйдик. Бу катта миқдор, лекин шуни қайд этишим керакки, унинг асосий қисми — 12 миллиард евро бор-йўғи бешта давлат ҳиссасига тўғри келади. Бошқаларни ҳам шунга эргашишга ундашимиз керак. Биз қўшимча маълумот олиш учун мактублар юбордик», — дейди комиссар Рейндерс.
Июль ойи бошида Bloomberg нашри манбаларга таяниб, Европа Иттифоқи давлатлари Россиянинг 14,6 миллиард долларлик активларини музлатиб қўйгани ҳақида хабар берган эди.
Ўшанда агентлик ЕИ санкцияланган активларни қидириш ва музлатилган мулкни сақлаш харажатларини қоплаш механизмини такомиллаштириш устида иш олиб бораётганини аниқлаганди.
Аввалроқ Швейцария санкцияларга учраган россияликларнинг 6 млрд долларлик активларини музлатиб қўйгани ҳақида хабар берилганди.


