Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Молия

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун 21,4 млн доллар ажратилади

Грант маблағлари Юқори Чирчиқ туманида жойлашган Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ҳудудида бир қанча марказлар ташкил этиш учун йўналтирилади.

Ўзбекистон Президентининг «Корея Республикаси Ҳукуматининг грант маблағлари ҳисобидан Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига илғор технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Бу хақда Norma хабар берди.

Грант маблағлари Юқори Чирчиқ туманида жойлашган Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ҳудудида қуйидагилар ташкил этиш учун ажратилади:

  • Ўзбекистон боғдорчилик соҳасида илғор технологиялар бўйича ўқув маркази — 3,7 миллион доллар;
  • Ўзбекистон «ақлли қишлоқ хўжалиги» саноат технологиялари инновацион маркази — 14 миллион доллар;
  • қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва унинг кўчатларини ишлаб чиқариш маркази — 3,7 миллион доллар.

Шунингдек, Миллий марказда замонавий иссиқхоналар учун дастурий таъминот ишлаб чиқиш бўйича IT-мутахассислари ва юқори малакали мураббийларни тайёрланади.

Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази Корея Республикаси ҳукуматининг грант маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларни бажариш бўйича ижро этувчи ва масъул орган этиб белгиланди. Хусусан, янги ўқув маркази, иссиқхона, кўчатхона, намунавий фермер хўжаликларини ташкил этиш Миллий марказ зиммасига юклатилди.

Ҳужжат 2022 йил 14 июлдан кучга кирди.

Аввалроқ Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини рақамлаштиришга Жаҳон банки ҳисобидан 20 млн доллар ажратилиши маълум қилинган эди. Маблағлар халқаро қишлоқ хўжалиги университетини ташкил этиш, Тошкент давлат аграр университетини модернизация қилиш учун йўналтирилган.

Шунингдек Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки 2021 йил декабрда Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига 19,5 млн евро ажратганди.  Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги молиялаштириш тўғрисидаги битимга биноан амалга ошириладиган ушбу лойиҳа 8 йилга (2015–2023) мўлжалланган.