Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 952,10 ▲ +0,3% EUR 13 779,58 ▲ +0,2% RUB 145,21 ▼ −0,7% Маълумот: Марказий банк
Таҳлил

Тўқимачилик саноати: экспортни ошириш учун нималарга эътибор қаратиш лозим?

Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм вилоятларида калава ип ва мато экспорти муҳим йўналиш ҳисобланади. 

Фото: Президент матбуот хизмати

Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, қулай шароитларда тўқимачилик саноатининг ривожланиши мамлакат ва унинг ҳудудлари иқтисодий ўсишининг муҳим нуқтасига айланиши мумкин. Бу борада Ўзбекистон муайян рақобат устунлиги ва салоҳиятга эга. 

Тўқимачилик саноати мамлакатнинг товар ва хизматлар экспортида етакчи ўринни эгаллайди, аниқроғи товар ва хизматлар умумий экспортининг қарийб 17,5 фоизи унинг ҳиссасига тўғри келади. 

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертларининг фикрига кўра, сўнгги йилларда экспортни сифат жиҳатидан диверсификация қилиш бўйича муайян натижаларга эришилган.

Биринчидан, маҳаллий ресурсларни ички қайта ишлаш (пахта толасининг 80-90 фоизини қайта ишлаш) ҳисобидан хом ашё (пахта толаси) экспортининг қисқариши ва саноат товарлари (ип-калава, мато, кийим) экспортининг ортиши таъминланди. 

Иккинчидан, хорижга қарийб 500 турдаги тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилишга эришилди.  

Учинчидан, жаҳон бозорининг янги сегментларига чиқиш ҳисобига Ўзбекистон жаҳоннинг 65 дан ортиқ мамлакатига маҳаллий тўқимачилик маҳсулотларини етказиб беришни йўлга қўйди. Россия, Хитой, Туркия ва Қирғизистон – бизнинг асосий савдо ҳамкорларимиз ҳисобланади. Мамлакат тўқимачилик маҳсулотларининг тахминан 80 фоизи ушбу мамлакатларга экспорт қилинади.

ПМТИ томонидан қилинган ҳисоб-китоблар Андижон, Наманган, Тошкент, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳри тўқимачилик маҳсулотларининг асосий экспортчилари эканлигини кўрсатди. (2021 йилда товар экспортининг умумий ҳажмида минтақанинг улуши 11,0–17,5 фоиз, жами 66,6 фоиз).

Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм вилоятларида калава ип ва мато экспорти муҳим йўналиш ҳисобланади. 

Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Фарғона, Тошкент вилоятлари калава ип ва матоларни қайта ишлашни чуқурлаштириш ва юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳисобига тўқимачилик саноатининг экспорт салоҳиятини ошириш захираларига эга. 

Бироқ ПМТИ экспертларининг фикрига кўра, тўқимачилик маҳсулотлари экспортини кенгайтириш учун қуйидаги масалаларга эътиборни кучайтириш лозим:

  • юқори қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилгунга қадар ип ва матоларни саноат усулида давомли қайта ишлашни таъминлаш;
  • экспортнинг истиқболли йўналиши сифатида инновацион тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт қилишни ўзлаштириш;
  • ҳудуднинг миллий ранг-баранглиги, маҳаллий анъаналар, замонавий дизайн ва модани ҳисобга олган ҳолда тайёр тўқимачилик маҳсулотларининг халқаро минтақавий форумларини ўтказиш.

Аввалроқ Президент тўқимачилик Ўзбекистонга кам харажат билан олтиндан ҳам кўп даромад келтирадиган соҳа эканини айтганди.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йилнинг январь-апрель ойларида Ўзбекистондан қиймати 1,1 миллиард долларга тенг тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилинган. Бу умумий экспорт ҳажмининг 15,1 фоизини ташкил этиб, 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 24 фоизга ўсган.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев 2022 йил охиригача бир нечта хорижий давлатлардаги Ўзбекистон элчилари билан 50 та хорижий брендни Ўзбекистонга олиб келиш бўйича топшириқ берганди.