Ўзбекистонда 8 та ҳолатда қарийб 474 миллион сўмлик қурилиш-монтаж ишлари сифатсиз бажарилгани аниқланди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси бошқарма бошлиғи Дилшод Ахунжанов маълумот берди.
Таъкидланишича, 2022 йилнинг январ-июнь ойларида инспекцияга жами 290 та мурожаат келиб тушган. Бу кўрсаткич 2021 йил шу даврига нисбатан қарийб 47 фоизга ошган. Автомобиль йўллари фойдаланувчиларидан келиб тушган 79 та мурожаат асосида йўлларнинг сифат кўрсаткичлари жойига чиқиб ўрганилган ва натижаси бўйича қуйидагилар амалга оширилган:
- 34 та мурожаат асосида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича 52 та кўрсатма берилган. Кўрсатма талабларини муддатида бартараф этмаган 4 та ҳолат юзасидан мансабдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар қўллаш бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилиб, суд органларига юборилган.
- 8 та ҳолатдаги қарийб 474 миллион сўмлик сифатсиз бажарилган қурилиш-монтаж ишлари ҳисоботдан чиқарилган. Яъни, содда тилда айтганда, бу пуллар пудратчи корхоналарга тўлаб берилмайди.
Бундан ташқари, 44 та мурожаатга биноан, уларда тилга олинган объектларни таъмирлаш дастурларига киритиш юзасидан ҳокимликлар, автомобиль йўлини ўз балансида сақловчи ташкилот ва тегишли сектор раҳбарларига таклифлар киритилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда кўп қаватли уйлар қурилиши бўйича 47 нафар мансабдор шахсга чора кўрилиши хабар қилинганди. Таъкидланишича, уйларнинг қурилиш-монтаж ишлари сифати юзасидан Қурилиш соҳасида назорат инспекциялари томонидан назорат ўрнатилган.
Қурилишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича жами 2880 та ёзма кўрсатмалар берилган. Уйлар қурилишида 52 та ҳолат бўйича жами 2 миллиард 783 миллион сўмлик сифатсиз бажарилган ишлар ҳажми чегириб қолинган. 47 нафар мансабдор шахсга нисбатан чора кўриш учун ҳужжатлар тайёрланиб, судларга юборилган.


