«Нафтогаз Украини» евробондлар бўйича дефолт эълон қилди, тўлов муддати 26 июлда тугади. Бу ҳақда «Интерфакс-Украина» нашри хабар берди.
Компаниянинг маълум қилишича, мамлакат ҳукумати облигациялар бўйича тўловларни тўлашдан бош тортган.
«Украина Вазирлар Маҳкамаси 21 июль куни компания мутасаддиларга евробондлар бўйича ҳар қандай битимларни мувофиқлаштиришни буюрган. Компания ҳукуматга унинг ҳисобида тўлаш учун етарли пул борлиги ҳақида хабар берган ва «оғир дефолт» сабаб юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатлардан огоҳлантирган», деб ёзади «Интерфакс-Украина».
Шунингдек, «Нафтогаз» Вазирлар Маҳкамаси 2022 йилда тўланиши керак бўлган асосий қарз ва фоизларни ҳамда 2024 йилга қадар тўланиши лозим бўлган фоизлар учун тўловларни амалга оширишга рухсат бермаганини маълум қилди.
«Евробондлар бўйича мажбуриятларни бажармаслик «Нафтогаз»ни халқаро капитал бозорига киришдан амалда маҳрум қилганлиги сабаб, Украина Вазирлар Маҳкамаси облигацияларни тўлашни тақиқлаш қарори билан 2022/2023 йилги иситиш мавсуми учун табиий газ импортига зарур бўлган маблағларни тўплаш бўйича жавобгарликни тўлиқ ўз зиммасига олди» дейилган компания баёнотида.
«Нафтогаз» июль ойи бошида кредиторлардан умумий қиймати 1,4 миллиард доллар бўлган еврооблигациялар бўйича тўловларни икки йилга кечиктиришни сўради.
«Маслаҳатчилар облигация эгаларига сўровни рад этишни маслаҳат берди», деб ёзади Reuters.
«Нафтогаз»га сотилган еврооблигациялар бозорга 2019 йилда жойлаштирилган. Улар уч йиллик муддатли 335 миллион доллар учун 7,375 фоиз, беш йиллик 600 миллион еврога 7,125 фоиз ва етти йиллик 500 миллион долларга эса 7,625 фоиз қўшимча тўловга эга.
Олдинроқ Fitch халқаро рейтинг агентлиги Украинанинг узоқ муддатли эмитент дефолт рейтингини CCC’дан C’га (дефолт олди) туширганди.
Fitch’нинг ҳисоблашича, Украина ўз ҳудудида ҳарбий ҳаракатлар давом этаётгани сабаб давлат қарзини «кенгроқ реструктуризация» (қарзни қайтариш шартлари (кредит фоизлари, миқдори, тўлаш шартлари ва бошқалар)ни қайта кўриб чиқиш) қилиши керак бўлади.
Аввалроқ S&P Украинанинг узоқ ва қисқа муддатли кредит рейтингларини пасайтирган эди. Агентлик Украинанинг хорижий валютадаги узоқ ва қисқа муддатли кредит рейтингларини пасайтириб, узоқ муддатли рейтинг В- дан (молиявий мажбуриятлар бажарилган) ССС+ га (тўловларни амалга оширмаслик хавфи) туширганди.
Bloomberg маълумотларига кўра, агентлик шкаласи бўйича мамлакат Аргентина ва Мозамбик бир хил рейтингга эга. Қисқа муддатли рейтинг B дан C га туширилган (дефолт хавфи юқори).
Ундан олдинроқ эса Moody’s Investors Service ҳам Украинанинг кредит рейтингини Cаа3 — энг паст даражага туширганди.


