Ўзбекистонда фарзандлари нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ёки мактабларга борадиган ота-оналарнинг ойига 3 миллион сўмгача бўлган тўловларига йўналтириладиган даромадларига солиқ солинмаслиги белгиланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали хабар берди.
Маълум бўлишича, 26 июль куни қабул қилинган 785-сонли Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан Солиқ кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилган.
Унга кўра, фарзандларига нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва (ёки) мактаблар кўрсатадиган таълимга оид хизматлар учун ота-она (фарзандликка олувчилар) томонидан ҳар бир фарзанд учун тўланадиган ойига 3 миллион сўмгача бўлган тўловларига йўналтириладиган даромадларига солиқ солинмаслиги белгиланган.
Бундан ташқари, талабаларнинг Ўзбекистон олий таълим ташкилотлари ҳудудида пулли ўқув курсларини, спорт тўгаракларини ташкил этишдан ва бошқа таълим хизматларини кўрсатишдан олинган даромадлари жами даромадларга киритилмаслиги белгиланган.
Шунингдек, ўқувчилар ва талабаларнинг таълим олиши учун Ўзбекистон Республикаси профессионал ва олий таълим ташкилотлари билан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича пулли-контракт асосида ўтказиладиган маблағ харажатларига солиқ тўловчининг даромади сифатида қаралмайди.
Шу билан бирга, норезидентлар бўлган жисмоний шахсларнинг меҳнат шартномалари ва фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятдаги шартномалар бўйича олинган даромадлари (дивидендлар ва фоизлар ҳамда фрахтдан олинган даромадлардан ташқари) учун солиқ ставкалари 12 фоиз этиб белгиланган.
Шунингдек, мобиль алоқа хизматларига нисбатан солиқ ставкаси ҳам камайтирилган. Ҳужжат билан мобиль алоқа хизматларига нисбатан солиқ ставкалари 15 фоиздан 10 фоизга пасайтирилган.
Қонун билан қишлоқ жойларда жойлашган (бундан шаҳарлар ва туманларнинг марказлари мустасно) антенна-мачта металл конструкциялари, шунингдек уларга ўрнатилган ҳамда уларнинг ажралмас қисми бўлган конструкциялар эгаллаган ер участкаларига солиқ солинмаслиги белгиланган.
Бундан ташқари, 2022 йил 1 апрелдан 2024 йил 31 декабргача республика резидентлари ва норезидентлари бўлган жисмоний шахсларнинг (акциядорларнинг) акциялар бўйича дивидендлар тарзидаги даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинган.
Шунингдек, Президентнинг ва ҳукуматнинг 2022 йил 1 июлгача қабул қилинган ҳужжатларида назарда тутилган божхона божи бўйича имтиёзлар уларнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар амал қилиши айтилган.
Аввалроқ Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида «Солиқ ва божхона қонунчилиги, шунингдек, солиқ ва божхона имтиёзларининг қўлланилишини такомиллаштиришга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун маъқулланганди.
Унга кўра, мобиль алоқа хизматлари учун акциз солиғи ставкаси туширилиши, фарзандларига нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва мактаблар кўрсатадиган таълимга оид хизматлар учун ота-оналар (фарзандликка олувчилар) томонидан тўланадиган ойига 3 миллион сўмгача бўлган тўловлар даромад солиғидан озод этилиши кутилаётганди.


