Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Миллиардерлар

Жек Ма Ant Group компанияси бошқарувидан кетиши мумкин

Ant Group 2021 йилда молиявий холдингга айланиш ва Хитой марказий банки назорати остига ўтиш учун қайта ташкил этилишга рози бўлди.

Alibaba Group асосчиси Жек Ма финтеч гиганти Ant Group бошқарувидан кетмоқчи, унинг акцияларининг бир қисми компания раҳбарияти ва бош директор Эрик Цзинга ўтади.. Бу ҳақда The Wall Street Journal (WSJ) нашри хабар бермоқда.

Ма анчадан бери Ant Group’даги раҳбарлик лавозимларидан нафақага чиққан, бироқ компаниянинг 50,52 фоиз акцияларини назорат қилаётганди. WSJ манбаларига кўра, Alibaba асосчиси компаниянинг IPO (акциядорлик жамияти акцияларини, шу жумладан, акциялар учун депозитар тилхатларнинг чекланмаган миқдордаги шахсларга биринчи оммавий сотилиши) бўйича режаларини бузмаслик учун ўз истеъфосини узоқ йиллардан бери ортга суриб келган.

Ant Group 2020 йил ноябрь ойида Нью-Йорк фонд биржасига чиқиш арафасида эди, бироқ Хитой ҳукумати компания листингини (қимматли қоғозларни биржа рўйхатига киритиш, уларни биржа томонидан белгиланган шарт ва талабларга мувофиқлигини назорат қилиш тартиб-тамойиллари) бекор қилди ва ундан Шимолий Кореядаги бизнесга эътибор қаратишни талаб қилди.

Ant Group 2021 йилда молиявий холдингга айланиш ва Хитой марказий банки назорати остига ўтиш учун қайта ташкил этилишга рози бўлди. Назорат пакети эгасининг ўзгариши, Хитой қонунчилигига кўра, компания акцияларини бозорга жойлаштириш бўйича режаларни ортга суради.

Хитой давлат матбуоти май ойи бошида Ма исмли шахсга нисбатан тергов бошланганини эълон қилди. Жек Ма томонидан асос солинган Alibaba акциялари 9,4 фоизга тушиши учун фақат шу қисқача маълумот етарли бўлди ва компания 26 миллиард доллар йўқотди.

Кейинроқ жиноятчи Жек Ма’нинг фамилиядоши экани маълум бўлгач, Алибаба акцияларга деярли тўлиқ аввалги қийматига қайтди.

Аввалроқ Хитойдаги давлат телеканали Жек Мага қарашли Ant Group’ни коррупцияда айблаган эди. Телеканал ишлаган фильмда август ойида коррупцияда айбланиб ҳибсга олинган амалдор Чжоу Цзяньюн ва коррупцион схемалар ҳақида гапирилади. Нашр 2019 йилда Ant Group Цзяньюннинг акасига қарашли компанияга 489 минг доллар сармоя киритганини тасдиқловчи ҳужжатларни топган. Бунда ер олди-сотдиси бўйича коррупцион ҳолат аниқланган.

Шундан сўнг Хитой коммунистик партиясининг Порахўрликка қарши комиссияси «ҳокимият ва капитал ўртасидаги алоқани узиш учун» мамлакатдаги энг йирик интернет компаниялари устидан назоратни кучайтиришини маълум қилганди.