Шавкат Мирзиёев «Astrum» академиясида IT соҳаси вакиллари билан учрашди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, давлат раҳбари учрашувда ечимларини топадиган масалалар бутун Ўзбекистон ёшларининг IT соҳасидаги интилишларига катта туртки ва мотивация беришига ишонишини таъкидлаган.
«Бугун янги IT академиясига биз учун аҳамияти ниҳоятда юқори бўлган IT соҳасидаги етук мутахассислар ва ёшларимиз билан учрашув ўтказиш учун келдим. Биз бугун биргаликда ечимларини топадиган масалалар бутун Ўзбекистон ёшларининг IT соҳасидаги интилишларига катта туртки ва мотивация беришига ишонаман», — деган Президент.
Жаҳонда бу соҳанинг ўсиш суръатлари йилига 10 фоизни ташкил этиб, жорий йилда 4,3 триллион долларга етади.
«Биз ушбу бозорда мустаҳкам ўрин эгаллаш борасида катта ислоҳотларни бошладик. Соҳага сўнгги беш йилда 2 миллиард доллар, шундан 700 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестициялар йўналтирилди. Бундан уч йил олдин IT парклар ташкил қилиб, уларга алоҳида солиқ режимини жорий этдик.
Бунинг ҳисобига бугунги кунда IT-паркларда 14 минг нафар ёшлар юқори даромадли иш жойлари билан таъминланди. Шу билан бирга, ўзини ўзи банд қилган IT мутахассислари сони йил бошидан 2,5 баробарга ўсиб, 43 мингга етди.
Жорий йилнинг ўзида мамлакатимизда 134 та янги, жумладан 50 та хорижий IT компаниялари ташкил этилди, экспортчи корхоналар сони эса 2 бараварга ошди. Сўнгги уч йилда мобил интернет нархи 9 бараварга арзонлашди ва халқаро рейтингда 15-ўринга кўтарилдик (68-ўриндан). IT хизматлари ҳажми ва экспорти бир неча баробарга ўсди. Энг асосийси, IT касбларни эгаллаш ёшлар ўртасида трендга айланди», — деган Шавкат Мирзиёев.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Мирзо-Улуғбек туманидаги IT-парк қурилиши билан танишганди.
«Ҳозирги замонда хизматларнинг катта қисми ахборот технологиялари орқали кўрсатилаяпти. Бошқа соҳаларнинг ҳам самарадорлиги шунга боғлиқ. Шунинг учун бу ердаги шароитларни кенгайтириб, замонавий IT-хабга айлантириш керак», — деганди ўшанда Шавкат Мирзиёев.


