Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Молия

Ўзбекистоннинг умумий давлат қарзи қанчага етгани маълум қилинди

Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов қарзлар нима мақсадда олинганини изоҳлар экан, бюджетни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий соҳа ва мудофаа мақсадида олинган қарзлар давлат бюджетидан тўланишини таъкидлади.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Ўзбекистоннинг умумий давлат қарзи 1 июль ҳолатига кўра, 25,9 миллиард долларни ташкил этмоқда. Бу ҳақда молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов Сенатнинг 29-ялпи мажлисида маълум қилди.

Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, 25,9 миллиард доллардан 23,2 миллиард доллари давлат ташқи қарзи ҳисобланади. Маблағлар, асосан, бюджетни қўллаб-қувватлаш, инфратузилма, саноат ва қишлоқ хўжалиги лойиҳаларига йўналтирилган. 

Жумладан, бюджетни қўллаб-қувватлашга 6 миллиард доллар олинган бўлса, ёқилғи-энергетика соҳасини қўллаб-қувватлаш учун 5,6 миллиард доллар, транспорт ва транспорт инфратузилмаси учун 2,5 миллиард доллар, қишлоқ ва сув хўжалиги учун 2,4 миллиард доллар, уй-жой коммунал хўжалиги учун 2,2 миллиард доллар, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун 1,5 миллиард доллар, кимё саноати учун 1,1 миллиард доллар, таълим, соғлиқни сақлаш соҳалари учун 700 миллион доллар ва бошқа стратегик ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган лойиҳалар учун 1 миллиард доллар олинган. 

Одилбек Исоқовнинг таъкидлашича, бюджетни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий соҳа ва мудофаа мақсадида олинган қарзлар давлат бюджетидан тўланади. 

«Лекин иқтисодиётимизни қўллаб-қувватлаш учун, масалан, ёқилғи-энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун олинган қарзлар ёки қайта кредитланган ёки давлат кафолати тақдим қилинган», — дейди вазир ўринбосари.

Одилбек Исоқовнинг айтишича, иккала ҳолатда ҳам лойиҳадан манфаатдор бўлган давлат корхонаси ёки банклар томонидан мазкур қарз тўғридан-тўғри хориждаги банкка ёки Молия вазирлиги орқали тўланади. Бу давлат бюджетига юк бўлиб тушмайди.

Аввалроқ Ўзбекистонда «Давлат қарзи тўғрисида»ги қонун билан қарз суммасининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан энг юқори миқдори 60 фоиздан ошмаслиги белгиланиши хабар қилинганди. Сенатнинг 29-ялпи мажлисида сенаторлар ушбу қонунни маъқуллади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг умумий давлат қарзи 2022 йил якунида 31,1 миллиард доллар миқдорида (ЯИМга нисбатан 42 фоиз) бўлиши прогноз қилинмоқда.