Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Молия

Фуқаролар давлат облигацияларини сотиб олишига рухсат берилиши мумкин

Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов фақатгина юридик шахслар эмас, жисмоний шахслар учун ҳам чиқариладиган облигациялар бўйича ишлар олиб борилаётганини айтди. «Жисмоний шахсларга чиқариладиган облигацияларнинг фоиз ставкаси юқорироқ бўлади», дейди у.

Ўзбекистон фуқароларидан давлат облигацияларини сотиб олишга қўйилган чеклов олиб ташланиши кутилмоқда. Бу ҳақда молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов Сенатнинг 29-ялпи мажлисида маълум қилди.

Исоқовнинг таъкидлашича, 2019 йилда қарийб 600 миллиард сўмлик давлат ғазначилик облигациялари чиқарилган, 2020—2021-йилларда 5 триллион сўмлик марра забт этилган.

«Бу йилги маррамиз соф ҳолда 6 триллион сўмни ташкил этади. Марказий банк билан ҳамкорликда бундан кейин ҳам давлат ғазначилик облигацияларига нафақат банклар, балки бошқа инвесторлар, жумладан хорижий инвесторларни жалб қилиш бўйича ишлар олиб боряпмиз», — дейди у.

Вазир ўринбосарининг айтишича, фақатгина юридик шахслар эмас, жисмоний шахслар учун чиқариладиган облигациялар бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. 

«Фақат битта нарсани инобатга олиш керак, жисмоний шахсларга чиқариладиган облигацияларнинг фоиз ставкаси юридик шахсларга чиқарилган фоиз ставкасидан юқорироқ бўлиши кутиляпти. Сабаби, биз камида банклардаги депозит ставкаларини тўлаб беришимиз керак», — дейди Исоқов.

Унинг айтишича, мана шу «3—4 фоиз ёки ундан кўпроқ фарқ режаларни озроқ чеклаб турибди».

Аввалроқ Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов қарзлар нима мақсадда олинганини изоҳлар экан, бюджетни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий соҳа ва мудофаа мақсадида олинган қарзлар давлат бюджетидан тўланишини таъкидлаганди.