Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Молия

TBC Bank Uzbekistan’га 35,1 млн доллар қўшимча сармоя киритилди

TBC Bank Group PLC, ЕТТБ ва ХМК TBC Bank Uzbekistan’га 35,1 млн доллар қўшимча капитал киритди. «Умид қиламизки, бу сармоя нафақат банкимиз ривожига, балки бутун мамлакатни рақамлаштиришга ҳам ҳисса қўшади», — дейди TBC UZ бошқаруви раиси Спартак Тетрашвили.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Жаҳон банки гуруҳига аъзо бўлган Халқаро молия корпорацияси ва TBC Bank Group PLC томонидан TBC Bank Uzbekistan’га умумий қиймати 35,1 миллион доллар миқдорида қўшимча капитал киритилди.

Ушбу капитални ошириш TBC UZ, TBC Bank Group PLC, ЕТТБ ва ХМК ўртасида 2021 йил 30 сентябрда имзоланган инвестиция шартномаси бўйича кўп йиллик молиялаштириш режасининг бир қисми бўлиб, икки институционал инвестор (ЕТТБ ва ХМК)нинг ҳар бири TBC UZ’да 20 фоиздан улуш сотиб олган.

«Умид қиламизки, бу сармоя нафақат банкимиз ривожига, балки бутун мамлакатни рақамлаштиришга ҳам ҳисса қўшади. Ишончимиз комилки, бизнинг мисолимиз Ўзбекистонни халқаро сармоядорлар учун янада жозибадор қилишга хизмат қилмоқда.

Бунда Ўзбекистон Марказий банки томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Янги имкониятлар ва капитал қўйилмалар мижозлар тажрибасини янада яхшилашга ва фойдаланувчиларимиз учун инновацион рақамли хизматларни тақдим этишга ёрдам беради», — дейди TBC Bank Uzbekistan бошқаруви раиси Спартак Тетрашвили.

Дастлабки сармоя 18,8 миллион долларни ташкил этганди (ЕТТБ ва ХМК 9,4 миллион доллардан). Шу билан бирга, TBC Bank Group PLC 25,9 миллион доллар сармоя киритди.

Молиялаштиришнинг иккинчи босқичи доирасида ЕТТБ ва ХМК 7 миллион доллардан, TBC Bank Group PLC эса 21,1 миллион доллар сармоя киритди.

Умумий ҳисобда TBC UZ’га киритилган инвестициялар 79,8 миллион долларни ташкил этди. Инвестицион келишувга кўра, 2023 ва 2024 йилларда ҳам капитални янада ошириш режалаштирилган.

TBC Bank Uzbekistan — Грузиядаги етакчи банк гуруҳининг TBC Bank АЖ ҳолдинг компанияси TBC Bank Group PLC’нинг шўба корхонаси. TBC Bank Group PLC Англия ва Уэлсда рўйхатдан ўтган, акциялари Лондон фонд биржасида жойлашган.