Давлат солиқ қўмитаси Солиқ кодексининг 483-моддаси, Президент ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан белгиланган имтиёзлар эгаларига эслатма билан чиқди.
Мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан тўлиқ озод қилинган тадбиркорлик субъектлари ушбу солиқларнинг ҳисобланган суммасининг 1 фоизини тўлайди. Бу меъёр Солиқ кодексининг 483-моддаси, Президент ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан белгиланган имтиёзларга нисбатан қўлланилади. Ўзгариш 2022 йил 7 августдан кучга кирган.
Маълум бўлишича, шахсий кабинетда мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича солиқ ҳисоботи шаклларига юқоридаги ўзгартиришлар асосида август ойидан бошлаб йил охирига қадар (5 ой учун) автоматик тарзда қайта ҳисоб-китоблар амалга оширилган.
Солиқ қўмитасининг эслатишича, 1 фоиз ставка қўлланиладиган солиқ тўловчилар 2022 йил 10 августгача солиқ органларига мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича янгиланган маълумотномани тақдим этиши, август ойи учун ҳисобланган суммани тўлаши шарт.
Аввалроқ Солиқ кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан тўлиқ озод этилган тадбиркорлик субектлари ушбу солиқлар бўйича ҳисобланган сумманинг 1 фоизини тўлаши хабар қилинганди.
Мазкур қоида уларга Солиқ кодексининг 483-моддасида, шунингдек, Президент ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган имтиёзларга тааллуқли. Таъкидланишича, ушбу ўзгаришлар мол-мулк ва ер солиқларини тўлашдан озод этилган солиқ тўловчиларнинг ва солиқдан озод этилган солиқ объектларини ҳисобини юритиш мақсадида киритилган.


