Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Молия

Тошкентда уй-жойлар нархи қанчалик ўзгарди — таҳлил

Прогнозлаш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институтининг Kommers.uz’га маълум қилишича, Миробод, Яккасарой, Шайхонтоҳур, Мирзо-Улуғбек, Чилонзор ва Юнусобод туманаларида уйлар нархлари Тошкент шаҳри бўйича ўртача нархидан юқори бўлиб турибди. Энг паст нархлар эса Бектемир ва Сергели туманларида кузатилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тошкент шаҳрида сўнгги уч ойда уйлар нархи пасайди. Бу ҳақда Прогнозлаш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти матбуот хизмати Kommers.uz’га таҳлил тақдим этди.

Маълум бўлишича, экспертлар 2021 йил августдан 2022 йил июлгача бўлган давр учун Тошкент шаҳрида уй-жой нархлари ўзгаришини таҳлил қилган. Тошкент шаҳрида кўчмас мулк бозорида олди-сотди шартномалари сони 2022 йил 7 ойида салкам 49 минг тани ташкил этган.

Қайд этилишича, бу кўрсаткич Республика бўйича тузилган битимларниниг 27 фоизига тўғри келади. Кўрсаткич 2021 йилнинг мос даврига (48.3 минг) нисбатан деярли ўзгармаган.

Таҳлил натижаларига кўра, 2022 йилнинг июль ойида Тошкент шаҳрида эски уйлар нархлари 2021 йилнинг мос даврига нисбатан ўртача 12 фоизга, янги уйлар эса 8.3 фоизга ошган. Эътиборли жиҳати, 2022 йил май ойидан бери бирламчи бозорда ҳам (1 метр квадрат учун майдаги 943.6 АҚШ долларидан июлдаги 919.9 АҚШ долларигача), иккиламчи бозорда ҳам (891.1 АҚШ долларидан 882.6 АҚШ долларига) нархлар тушиб бораётгани айтилган.

Айтилишича, Миробод, Яккасарой, Шайхонтоҳур, Мирзо-Улуғбек, Чилонзор ва Юнусобод туманаларида уйлар нархлари Тошкент шаҳри бўйича ўртача нархдан (янги уйлар 1 метр квадрат учун 957.2 доллардан, эски уйлар 888.3 доллардан) юқори бўлиб турибди. Энг паст нархлар эса Бектемир ва Сергели туманларида кузатилган.

Экспертдар уй-жой нархларининг жиддий ошиши бошқа давлатларда ҳам кузатилганини қайд этган. Масалан, Буюк Британияда уй-жой нархлари 2022 йил июнь ойида йиллик 10.7 фоизга ошган, ва мазкур ойда йиллик инфляция 9.4 фоизга етган. Тадқиқотчилар бу кўчмас мулк бозорида нархлар инфляция кутилмаларига тезда реакция қилишидан далолат беришини айтган.

Global House Price Index маълумотларига кўра, юқори инфляция ва ипотека фоиз ставкаларининг кўтарилиши аҳолининг уй-жой сотиб олиш имкониятларини чеклаган бўлишига қарамай, 2022 йил биринчи чорагида дунёнинг 56 мамлакатида уй-жой нархлари ўртача 10,2 фоизга ошган. Нархларнинг ўсиши глобал ўзгаришлар натижасида пул оқимларининг кўчмас мулк бозорига йўналтирилиши билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги таъкидланган.

Таҳлил натижаларига кўра, 2022 йилнинг 6 ойи давомида давлат дастурлари доирасида аҳолига ажратилган ипотека кредитлари уй-жой бозорида фаолликнинг сақланиб қолишига катта хизмат қилган.

Маълумот ўрнида, мамлакатда 2022 йил январь-июль ойларида 41,44 минг кишига 7.6 триллион сўм миқдорида ипотека кредитлари берилган, шундан 5.5 триллион сўм Молия вазирлиги маблағлари ҳисобидан, 1.78 триллион сўм эса тижорат банкларининг ўз маблағлари ҳисобидан ажратилган. Мазкур даврда жами ипотека кредитларининг 30.5 фоизи (2.32 триллион сўм) Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келган. Таққослаш учун, 2021 январь-июнь ойларида республика бўйича 25.3 минг кишига 3.5 триллион сўм миқдорида ипотека кредитлари ажратилган.

Тадқиқотчиларга кўра, Тошкент шаҳри кўчмас мулк бозорида уй-жойга бўлган талаб деярли ўзгаришсиз қолган бир пайтда нархларнинг ошиши қурилиш компаниялари ва мулк эгаларининг инфляция ва сўм алмашув курси бўйича кутилмалари билан изоҳланиши мумкин.

Маълумот ўрнида, сўмнинг АҚШ долларига нисбатан қадрсизланиши 2019 йилда 14 фоиз, 2020 йилда 10.2 фоиз ва 2021 йилда 3.4 фоизни ташкил этган. Сўнгги 3 ойда уй-жой нархларининг тушиши эса ушбу даврда сўмнинг АҚШ долларига нисбатан қадрининг мустаҳкамланганлиги (2.6 фоизга ёки 29 апрелдаги 11 минг 179.8 сўмдан 8 августда 10 минг 886 сўмгача) билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги таъкидланган.

Айтилишича, келгуси йилларда «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси»да аҳолини уй-жой билан таъминлаш бўйича белгиланган мақсадларнинг амалга оширилиши кўчмас мулк бозорида нархлар барқарорлигини сақлаб қолган ҳолда, фаолликни таъминлайди.

Хусусан, ҳудудларда 14 та уй-жой қурилиш кластерлари ва 8 та ихтисослаштирилган туман (шаҳар)ларда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш кластерларини ташкил этиш орқали қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни 2 баробарга ошириш уй-жой қурилиши таннархларини туширишга ёрдам беради. Квартира сотиб олиш учун ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун тўланадиган субсидияларнинг келгуси йилларда ҳам давом эттирилиши аҳолининг уй-жой сотиб олиш имкониятларини оширади.