Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Бизнес

McDonald’s Украинадаги ресторанларини қайта очади

McDonald's Украинадаги тармоқ ресторанларини босқичма-босқич қайта очишини эълон қилди. Биринчи муассасалар Киев ва ғарбий Украинада очилади. Украинадаги ресторанлар иши 24 февраль куни Россия босқини туфайли тўхтатилганди.

McDonald’s Украинадаги тармоқ ресторанларини босқичма-босқич қайта очишини эълон қилди. Бу ҳақда тармоқнинг Facebook саҳифасида хабар берилди.

Маълум бўлишича, биринчи муассасалар Киев ва ғарбий Украинада очилади.

«Украинадаги одамларимизни қўллаб-қувватлаш бизнинг биринчи даражали вазифамиз бўлиб қолмоқда. Биз ишга қайтиш ва Украинадаги ресторанларимизни хавфсиз ва масъулият билан қайта очиш истагини билдирган ходимларимиз билан кўп суҳбатлар ўтказдик.

Сўнгги ойларда бу кичик, аммо асосий нормаллик туйғусини беради деган ишонч кучайди. Украина расмийлари эса корхоналарнинг қайта очилиши маҳаллий иқтисодиёт ва Украина халқини қўллаб-қувватлашини таъкидлади», — дейилади компания баёнотида.

«Украина расмийлари, етказиб берувчилар ва хавфсизлик мутахассислари билан узоқ давом этган маслаҳатлашувлар ва муҳокамалардан сўнг ҳамда ходимларимизнинг ишга қайтиш ҳақидаги сўровларига жавобан биз Киев ва Украинанинг ғарбий қисмидаги баъзи ресторанларни босқичма-босқич очиш режасини жорий этишга қарор қилдик», — деб қўшимча қилинган баёнотда.

Маълумот ўрнида, компаниянинг Украинадаги ресторанлари иши 24 февраль куни Россия босқини туфайли тўхтатилганди.

Аввалроқ McDonald’s фойдаси Россия ва Украинадаги ресторанларни ёпганидан сўнг қанчага камайгани бўйича маълумот берилганди.

Компания фойдаси 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 28 фоизга камайиб, 1,54 миллиард доллардан (ҳар бир акция учун 2,05 доллар) 1,1 миллиард долларга (ҳар бир акция учун 1,48 доллар) тушган.

Ҳар чораклик ҳисоботга кўра, Россия ва Украинадаги ресторанлар ёпилганидан кейин McDonald’s жиддий йўқотишларга учраган. Компания бинолар ижарасини, вақтинча ёпилган муассасалар ходимларига иш ҳақини тўлаш, шунингдек етказиб берувчиларга тўлаш учун 27 миллион доллар сарфлаган.